Линклар

Бош муҳаррир журналистга мақола ёзишни тақиқлади


Турғунбек Хабарларга қараганда, Андижон вилояти ҳокимлиги нашри бўлмиш “Андижоннома” газетаси журналисти Феруза Мирзаолимова бош муҳаррирнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган. Бош муҳаррир ва ходимаси ўртасидаги муносабатнинг бузилишига Ф.Мирзаолимова ёзган мақола сабаб бўлган.

“Андижоннома”да ўн йилдан буён ишлаётган, сўнгги вақтларда газетанинг хатлар ва оммавий ишлар бўлимини бошқараётган Ф.Мирзаолимованинг сўзларига қараганда, у бош муҳаррирнинг топшириғини мажбуран бажариб, “Гўзаллик бор жойда” сарлавҳали мақола тайёрлаган. Бу мақола 2004 йил 28 августда газетада босилган. Орадан 12-13 кун ўтгандан сўнг Булоқбоши туманидан расмий белгисиз, имзосиз, оддий қоғозда битилган раддия олиб келинган. Шундан кейин бош муҳаррир Абдуғани Даминов хатога йўл қўйганликда айблаб, ходимасига бақирган ва мақола ёзишни тақиқлаган. Шу боис, у ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.

Ф.Мирзаолимованинг таъкидлашича, 25 октябрь куни ёзилган ўз аризасида раҳбари ходимининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилмагани ва унинг қўлида ишлашни хоҳламагани учун ишдан бўшатишларини сўраган. Зеро, унинг мақоласига нисбатан берилиши сўралган раддия мавжуд тартиб-қоидага тўғри келмайди. Бош муҳаррир бундай раддияни қабул қилмаслиги, фақат суд қарори бўйичагина уни эълон қилиши керак эди. Бош муҳаррир эса журналистнинг айби исботланмаган ҳолда унга ҳайфсан берган.

Бош муҳаррир А.Даминов мавзу юзасидан муносабат билдиришни истамади.
XS
SM
MD
LG