Линклар

Қозоғистон Парламентининг қуйи палатаси — Мажлис муддатидан аввал тарқатиб юборилди

  • Барно Анвар

2 ноябр куни Қозоғистон Президенти Нурсултан Назарбоев мамлакат парламенти қуйи палатаси — Мажлис муддатидан аввал тарқатилишини маълум қилди. 3 ноябрдан бошлаб, Мажлиснинг шу йил 19 сентябрда бўлиб ўтган парламент сайлови сайланган янги таркиби иш бошлайди. Мамлакат қонунчилигига биноан, эски таркиб шу йилнинг 30 ноябрига қадар ишлаши мумкин эди. Аксарият кузатувчилар ва сиёсатчилар Мажлиснинг эски таркиби муддатидан илгари тарқатилиши сабабини парламент сайлови ноқонуний ўтгани ҳақидаги фикрлар мамлакатда ҳам, хорижда ҳам тобора кўпайиб бораётгани, буни аниқлаш учун эса Парламенти қуйи палатаси раиси Жармахон Туяқбай бошчилигидаги махсус жамоат комиссияси астойдил киришгани билан боғламоқдалар.

Дастлаб эътироф этиш керак, Қозоғистон жамоатчилиги ва айни вақтда хорижий кузатувчилар ҳам Президент Назарбоевнинг мамлакат парламенти қуйи палатаси – Мажлисни муддатидан аввал тарқатиш ҳақидаги қарорини кутилмаган қарор, деб баҳоламоқда.

Маълумки, 19 сентябрда бўлиб ўтган парламент сайлови Қозоғистондаги аксарият сиёсий партиялар вакиллари ва кузатувчилар томонидан қонунбузарликлар билан ўтказилди, деб ҳисобланмоқда. Ҳозирда парламенти қуйи палатаси Мажлис раиси Жармахон Туябай бошчилигидаги махсус жамоат комиссияси парламент сайлови натижалари сохталаштирилгани тўғрисида тушган аризаларни ўрганмоқда. Бундан ташқари, октябр ойида Мажлис раиси Жармахон Туяқбай Парламент сайловлари кескин қонунбузарликлар билан ўтди, деб баёнот берди. Шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси ҳам сайлов натижаларини ноқонуний, деб топди.

Қозоғистон мухолифати етакчиларидан бири Серикболсин Абдилдиннинг айтишича, шу каби муносабатлар Назарбоевни хавотирга солиб қўйган.

“Президент ўзининг соясидан ҳам қўрқади. Унинг сиёсати аслида жуда эскирган сиёсат. Шунинг учун Мажлис раиси Жармахон Туяқбойдан ҳам чўчиб, бир ой қолганда Мажлисни тарқатворди. Бу Конституцияга ҳам, мавжуд қонунчиликка ҳам зиддир”.

Юқори палата депутати — сенатор Зауреш Батталованинг биз билан суҳбатда билдиришича, Мажлис ва Сенатнинг аксарият депутатлари ҳам парламент сайлови чоғида қонун бузилиши ҳоллари кўп бўлган, деб ҳисоблашмоқда.

“Менимча, Президентни чўчитган ва амалдаги Мажлисни муддатидан аввал тарқатиб, янги таркибни қонунийлаштириб олишга шошилишининг сабаби шу. Чунки, ҳозир Қозоғистонда демократик ҳаракатлар кучайиб бораяпти. Жармахон Туяқбай каби одамлар ва уларни қўллаб-қувватловчилар ҳукумат таркибида ҳам кўпайяпти. Президент эса бу ҳаракати билан ўзининг ожизлигини яна бир карра кўрсатди, менимча”.

Зауреш Батталова 2 ноябр куни бўлиб ўтган Қозоғистон парламенти Мажлисининг охирги сессиясида Президент Назарбоевнинг иштирок этмаганини ҳам алоҳида эътироф этди. Сессияда сўзга чиққан Мажлис раиси Жармахон Туяқбай эса бу қадар шошилинч қарорни қонунга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳолади.

“Ҳукуматнинг бугунги ҳаракати биринчи навбатда халқимизга нисбатан, қонунларимизга нисбатан ҳурматсизликдир. Агарда қонунга, Конституцияга нисбатан ҳурмат бўлганда, бундай қарорга келинмаган бўларди”.

Ҳозирда аксарият сиёсатчилар Мажлиснинг эски таркиби даврида Қозоғистон иқтисоди анча ривожлангани, демократик жараёнлар фаоллашганини эътироф этишмоқда. Жумладан, сиёсий-иқтисод бўйича мутахассис Азимбой Ғали биз билан суҳбатда бундай деди:

“Муддатдан бир ой олдин Мажлиснинг тарқатилиши жуда аянчли. Чунки, парламент депутатлари кутилмаганда ишсиз, уй-жойсиз қолишди. Ваҳоланки, бу таркиб вақтида мамлакат иқтисоди гуркираб ўсди. Парламентинг янги таркиби эса деярли 60 фоизга янгиланди. Бироқ унинг таркибида мухолифатнинг кўзга кўринган вакиллари энди йўқ”.

Шу тариқа бугундан бошлаб Қозоғистон Мажлиси биносини бўшатаётган депутатлар муддатидан бир ой олдин ишсиз қолишди.

Шу ўринда қўшимча қилиш мумкин, Россияда нашр этиладиган “Время новостей” газетасининг ёзишича, Жармахон Туябай бошличилигида ва сафида Тулен Тўхтасинов каби мухолифатчи демократлар бўлган жамоат комиссияси ҳозирга қадар текширувлар натижасидаёқ парламент сайловларини адолатсиз ўтказилган, деган хулосага келиб бўлишган. Ва яқин кунларда Президент Назарбоевнинг истеъфосини талаб қилишни мақсад қилиб туришган эди. Газетада таъкидланишича, аслида комиссиянинг мана шу мақсади Мажлис эски таркибини муддатидан аввал тарқатишга асосий сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG