Линклар

logo-print

Украина президентлигига сайлов. Ғалаба кимники бўлиши мумкин?

  • Сарвар Усмон

Украинада 31 октябрь, якшанба куни президентлик сайлови бўлиб ўтди. Аҳоли овоз беришга бутун мамлакат бўйлаб жуда фаол қатнашди. Бироқ ҳокимиятни президент Кучманинг қўлидан ким олиши аниқланмай қолаверди.

Украина Марказий сайлов комиссиясининг 2 октябрь кечга яқин эълон қилган баёнотига қараганда, берилган овозларнинг қарийб 98 фоизи ҳисоблаб чиқилгач мана бундай манзара пайдо бўлган: Виктор Янукович 39,88%, Виктор Юшченко эса, 39,22% овоз олган.

Сайлов якунига етди, деган қарор чиқарилиши учун Украина қонунларига кўра, номзодлардан бири берилган овозларнинг 50 фоизию яна битта овоз олиши лозим.

Демак, сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади ва бу ҳақдаги қарор эълон қилинди ҳам.

Украина президентлигига сайловга қизиқиш катта бўлди. Буни мана бу рақамлар ҳам яққол ифодалаши мумкин: овоз бериш участкаларида чет давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг 4 минг нафардан зиёд вакили ҳамда партиялар ва сайлов уюшмаларининг 85 минг нафар вакили кузатувчилик қилди. Сайловни Марказий сайлов комиссиясида расмий рўйхатдан ўтган бир ярим минг журналист ёритди.

Сайлов натижаларига қараганда мамлакат шарқидаги рус тилида сўзлашувчилар кўпчиликни ташкил қилувчи областлар аҳолиси президентликка номзод, Бош вазир Виктор Януковичга овоз берган бўлса, ғарбий вилоятларда мухолифат лидери Виктор Юшченко устунлик қилди. Бу албатта, тасодифий эмас, балки сайловчиларнинг онгли равишда амалга оширган танловидир. Мамлакатнинг шарқий вилоятларидаги руслар ва рус тилида сўзлашувчи украинлар Кремл очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаётган россияпараст Янукович учун овоз берди. Ғарбий украиналиклар эса, Ғарб қадриятларини тарғиб қилаётган, Украинанинг Европа мамлакатлари билан тиғиз алоқалар ўрнатиши тарафдори бўлган Юшченкони танлади.

Бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан ЕХҲТнинг сайловга берган баҳоси билан 1 ноябрь кунги эшиттиришларимизда тингловчини таништирган эдик.

Украинада ўтказилган сайловга АҚШ ҳам ўз муносабатини билдирди. Давлат Департаменти вакили Адам Эрели Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда президент сайлови Украина мустақилликка эришганидан буён юз берган жуда муҳим воқеа эканлигини таъкидлаш билан бирга танқидий фикрлар ҳам билдирди. У жумладан бундай деди:

"ЕХҲТ кузатувчилари миссияси 31 октябрь куни ўтказилган президентлик сайловида демократик сайловларнинг халқаро андозаларига мос келмайдиган жиҳатлар кўп бўлганини эътироф этганини таъкидлаймиз. Ҳафсаламиз пир бўлди ва ЕХҲТнинг мазкур сайловни 2002 йили ўтказилган сайловга (парламент сайлови-С.У.) нисбатан "бир қадам ортга қайтиш", деб берган баҳосига қўшиламиз".

Вашингтон, ЕХҲТдай сайловнинг 21 ноябрга режалаштирилган иккинчи босқичи ҳалол ва адолатли ўтказилишига умид қилаяпти.

ЕХҲТ танқиди асоссиз эмаслигини қатор кузатувчилар берган гувоҳликлар тасдиқлаб турибди. Масалан,
1995 йилдан буён Украинада инсон ҳуқуқлари мониторингини ўтказиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Ханна Северинсен Файненшнл Таймс газетасига берган интервьюсида Киев яқинидаги сайлов участкаларидан бирида бюллтень қутиларини ўғирлашга ҳаракат қилганларини айтиб берган. Севернсеннинг фикрича, деб ёзади газета, сайловнинг иккинчи босқичида қонунбузарликлар янада кўпроқ кузатилиши хавфи бор.

Халқаро Фридом Хауз – Озодлик Уйи ташкилоти эса, 1 ноябрь куни Украинадаги сиёсий кучлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотларига мурожаат қилиб, уларни сайловнинг 21 ноябрда ўтажак иккинчи босқичида ҳар иккала номзод учун бир хил шароит яратиб беришга даъват қилди. Афтидан, Фридом Хаузнинг даъвати бежиз эмас. Мана бугун, 2 ноябрь куни Киевда Юшченко тарафдорларининг норозилик митинги бўлиб ўтди.

Бундай митинглар ўтказилишига ҳокимиятнинг ўзи сабабчи бўлиб қолганга ўхшайди. Киевда бугун бўлиб ўтган норозилик акциясида ëшлар сайлов натижалари тезроқ эълон қилинишини ва рўйхатга киритилмаган сайловчиларнинг рўйхатга киритилишини талаб қилишди. Норозилик тадбирида сўзга чиққан "Баткившчина" партияси лидери Юлия Тимошенко мана бундай деди:

"Биз жиноий гуруҳга қарши, Януковичга қарши кўнгилли равишда тинч йўллар билан кураш учун умумиллий фуқаролик сафарбарлигини бошлаймиз".
XS
SM
MD
LG