Линклар

Америкаликлар мамлакат президентини сайламоқда

  • Фаррух Юсуфий

Сешанба куни америкаликлар Америка Қўшма Штатларига кейинги тўрт йил давомида ким раҳбарлик қилишини ҳал этади. АҚШнинг ҳозирги президент Жорж Буш ва унинг рақиби сенатор Жон Керри бир неча ой қизғин давом этган сайловолди кампаниясида сайловчиларни ўз томонига оғдириб олишга ҳаракат қилди. АҚШда ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, сайловчилари кимни сайлаш ҳақида бир тўхтамга келмаган бир нечта штатлар якуний натижаларни ҳал этиши мумкин. Шунингдек, таҳлилчилар мамлакатда сайлов қонунларига оид ислоҳотлар якунланмагани бу сафар ҳам 2000 йилда рўй берган муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Ўтган сафарги президентлик сайловларидан бери Америка 11 сентябр воқеалари ва иккита урушни бошдан кечирди. Бироқ икки асосий номзод ўртасидаги беллашув бу сафар ҳам жуда қизғин ўтиб боряпти. Ўтказилган сўровларга кўра, Буш ва унинг асосий рақиби Керрига овоз бериши мумкин бўлган сайловчилар сони деярли бир хил.

2000 йил президентлик сайловлари ғолибини аниқлаш учун қўшимча 36 кун ва Олий суднинг қарори керак бўлган эди. Ўшанда собиқ вице-президент Алберт Гор ва республикачи Жорж Буш ўртасидаги беллашув жуда кескин ўтган ва Флорида штатидаги мунозарали сайлов натижаларини АҚШ олий суди Жорж Буш фойдасига ҳал этиб берган эди.

АҚШдаги мустақил таҳлилчи Женнифер Даффининг Озодлик радиосига айтишича, бу сафарги сайловларда ҳам ғолиб дарҳол аниқланмаслиги мумкин.

«Менимча, биз пойганинг бир неча кунга чўзилиб кетишига тайёр бўлишимиз керак», - дейди Даффи.

Сайловолди кампанияси давомида иккала асосий номзод мамлакат учун жуда муҳим бўлган масалаларни кўтаришган. Булардан, Ироқ уруши, АҚШ хавфсизлиги ва қатор ижтимоий масалалар сайловчилар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Маълумотларга кўра, бу йили сайловчилар мисли кўрилмаган фаоллик намойиш этмоқда.

2000 йилги президентлик сайловида 106 миллионга яқин сайловчи қатнашган бўлса, сешанба куни ўтказилаётган президентлик сайловларда 121 миллион киши овоз бериши кутилмоқда

Сешанба куни демократлар партиясининг вице-президентликка номзоди Жон Эдвардс телевидениега берган интервьюсида, бу сафарги сайловларда қатнашганлар сони мисли кўрилмаган бўлиши ҳақида ва ҳудди ана шу фаоллик демократиянинг амалда эканини кўрсатиши ҳақида гапирди.

Турли штатлардан келаётган хабарларда айтилишча эрталаб соат олтида очилган сайлов участкаларида узун навбатлар кузатилган. Баъзи штатларда одамлар овоз бериш учун 45 минут ёмғир тагида кутишган.

Бир неча штатда сайловлар муддатдан илгари бошланган. Бу одамларнинг соатлаб узун навбатларда туришининг олдини олиш учун қилинган.

Америка сайловларини ўрганиш тадқиқот институти раҳбари Кёртис Гэнснинг атишича, президентликка номзодлар орасида бунақанги рақобат АҚШ тарихида жуда кам учраган.

«1968 йилдаги президентлик сайловларини ҳисобга олмаганда, олтмиш еттига кириб, сайловларнинг бунақанги кескин боришини ҳали кўрмаганман», - дейди америкалик таҳлилчи.

Гэнснинг фикрига кўра, президентлик сайлови амалдаги президентга ишонч ёки ишончсизлик билдириш референдумидир.

Сайловолди кампанияси давомида республикачилар сайловчиларга Бушни халқаро терроризмга қарши кураш етакчиси, солиқларни камайтириш ташаббускори ва анъанавий қадриятларга содиқ раҳбар, деб кўрсатган бўлса, демократлар Бушни молиявий жиҳатдан масъулиятсиз, Ироқдаги урушни асоссиз бошлаган одамлар орасига низо солувчи шахс сифатида таърифлаган.

Илгариги президентлик сайловларида номзодлар сайловолди кампанияларини одатда сайловдан бир кун олдин якунлар эди. Лекин бу сафар иккала асосий номзод ҳатто сайлов куни, сайловчилар овоз бера бошлаганларида ҳам ўз кампанияларини давом эттирдилар.

Буш сешанба куни эрталаб Техас штатидаги Крофорд шаҳрида овоз берди. Шундан сўнг у Огайо штатига ўз кампаниясини давом эттириш учун жўнаб кетишидан олдин, журналистларга шундай деди:

«Ўйлашимча, мен ютиб чиқаман ва бу мамлакатни бошқариб халқни бирлаштираман. Менинг режаларимда Американи хавфдан ҳимоя қилиш, мамлакат равнақини таминлаш ва олға юриш», - деди Жорж Буш

Демократчи Керри ҳам сешанба куни Висконсин штатига сафар уюштирди. У ерда у рўйҳатга олинмаган сайловчиларни рўйҳатдан ўтиш ва овоз беришга чақирди.

2000 йилги сайловларда рўй берган муаммоларнинг олдини олиш учун АҚШ конгресси сайловлар ҳақидаги қунунни ислоҳ қилиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Штат миқёсида сайловчилар рўйҳатини тузиш мазкур ислоҳотларнинг асоси бўлиши керак эди. Лекин сайловларга оид маълумотлар бир нечта шататда йиғилди холос. Америкалик таҳлилчи Даг Чэпиннинг айтишига қараганда, сайловлар рўйҳати йўқлиги овоз бериш ва санаш пайтида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

«Бу маълумотлар йўқлиги сабабли одамлар ўз участкаларида рўйҳатга олинганми ёки умуман рўйҳатга киритилгани-киритилмаганини била олмаймиз. Биз ҳали ҳам илгаригидек, штат миқёсида маълумотларни йиғяпмиз», - дейди Чэпин.

Янги қонунга кўра, сайловчиларнинг рўйҳатга олингани аниқ бўлмаса, улар «шартли овоз» беришлари мумкин. Мамлакат бўйлаб юз минглаб кишиларнинг «шартли овоз» беришлари кутилмоқда.

Ақшдаги сайловларни президентликка даъвогарлик қилувчи номзодлар вакиллари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва кўплаб ҳорижий ташкилотлар намояндалари кузатмоқда.
XS
SM
MD
LG