Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:13

Буш-Керри: Ўзбекистон расмийлари кимнинг тарафдори?


Шайбон 2 ноябрь куни АҚШда Президент сайлови ўтказилди. Бу тадбир нафақат Америка, балки бутун дунё сиёсий ҳаётида муҳим воқеадир. Шу боис, бу кун ўзбекистонлик сиёсатчи ва жамиятшуносларнинг нигоҳи ҳам Америкага қаратилди.

АҚШдаги Президент сайловига собиқ иттифоқ давлатлари, хусусан, Россия қанчалик эътибор бераётгани Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотининг Душанбе шаҳрида ўтказилган саммитида яққол намоён бўлган эди. Ўшанда Россия Президенти Владимир Путин бундай деганди:

“Халқаро террорчиларнинг Ироққа ҳужумлари аксилтеррор коалициядан кўра кўпроқ шахсан Президент Бушга қарши қаратилган. Халқаро террорчилар Президент Бушнинг иккинчи муддатга сайланишига йўл қўймасликни ўз олдига мақсад қилган. Бордию шу мақсадга эришса, албатта, улар ўз ғалабасини нишонлайди. Шу боис, биз яхши англамоғимиз шарт, бу ҳолат халқаро терроризмга қўшимча куч бағишлайди ва уларнинг фаоллашувига олиб келади”.

Ўзбекистон расмийлари бу мавзуда сукут сақламоқда. Аммо маҳаллий кузатувчи ва сиёсатшунослар бу тадбир ўта муҳим аҳамиятга эга бўлгани учун уни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига қараганда, АҚШда ким Президентликка сайланиши 2005 йилнинг энг катта сиёсий воқеаси бўлади. Зеро, АҚШ дунёнинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлати ҳисобланади. АҚШда президентлик бошқаруви бўлгани сабабли бу давлатга ким бошлиқ бўлиши дунё сиёсатига катта таъсир ўтказади.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг фикрича, гарчи ўзбек расмийлари бу борада сукут сақлаётган бўлса-да, уларнинг позицияси Россия Президентиникидан деярли фарқ қилмайди. Чунки Жорж Буш ва унинг ижроия маҳкамасининг Ўзбекистонга муносабати бир неча йиллар давомида шаклланган. Шу боис, Бушнинг ҳокимиятни сақлаб қолиши Ўзбекистондаги авторитар тузум учун фойдалидир.

К.Раббимов бу фикрга бирор бошқача муносабат билдирди.

“Жорж Буш ўз лавозимида қоладиган бўлса, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади. Бушнинг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан илиқ муносабати шаклланган бўлса-да, АҚШда ҳокимиятлар бўлиниши мавжуд. Сўнгги пайтларда конгрессменлар ва сенаторларда Тошкентга нисбатан салбий муносабатлар шаклланди. Икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ҳеч қайси банди бажарилмади (Ўзбекистон томонидан). Сиёсий плюрализм амалга оширилмади. Сайлов (Ўзбекистондаги парламент сайлови) натижалари ҳам шубҳа остига қўйилса керак”, деди К.Раббимов.

К.Алиевнинг таъкидлашича, ўзбек расмийларини кўпроқ АҚШ Президентлигига номзод Жон Керрининг сайловда ғалаба қилиши ташвишга солади. Чунки бу партия вакиллари одатда фақат демократияни йўлга қўйган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш тарафдори бўлади.

К.Раббимовнинг эътирофича, Ж.Керри Президент бўлса, бунинг Ўзбекистонга таъсири дарҳол сезилмайди. Зеро, янги Президент, аввало, дунё сиёсатида ўз ўрнига эга давлатларга нисбатан муносабатни шакллантиради. У Ўзбекистонни ўрганиши учун 2-3 йил талаб этилади. Бу орада икки давлат сиёсатида вакуум пайдо бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG