Линклар

АҚШнинг кўпгина шататларида кузатувчиларнинг сайлов участкаларига киришига рухсат этилмади

  • Ҳасанжон

АҚШдаги Президентлик сайловларини кўплаб хорижий ташкилотлар вакиллари кузатяпти. Бироқ кўпгина шататларда кузатувчиларнинг сайлов участкаларига киришига рухсат этилмади. Чунки сайловларни бевосита кузатиш имконияти АҚШ Давлат департаменти таклифига кўра мамлакатга келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби расмий кузатувчиларга берилган.

Беларуснинг АҚШдаги дипломатларига президентлик сайловларида кузатувчи сифатида қатнашишга рухсат берилмади. Шу сабабли Беларус Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Минскдаги элчисига расмий шикоят мактубини топширди.

Беларус Ташқи Ишлар вазирлиги расмийларига кўра, Беларус элчихонаси беларуслик дипломатлар Вашингтон атрофида жойлашган бир неча штатдаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатмоқчи бўлиб АҚШ ҳукуматига шу масалада мурожаат қилган. Лекин АҚШ ҳукумати Беларус дипломатларига фақат Виржиния штатидаги атиги икки участкага узоғи билан 10 дақиқага киришларига рухсат берган.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Стив Пайк Беларус расмийлари эътирозлари нотўғри тушунча, яъни, АҚШдаги президентлик сайловларига кузатувчилар киритилмаяпти, деган фикр пайдо қилаётганини айтади. АҚШ расмийсига кўра, одатда ҳар бир сайлов участкасида президентликка номзодлар вакиллари овоз бериш жараёнини диққат билан кузатиб боради. Айни пайтда, Давлат Департаменти вакилига кўра, сайловларга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини таклиф қилиш орқали АҚШ ҳукумати эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш тўғрисидаги халқаро талабларни бажарган.

Сайловларда расмий равишда қатнашаётган, яъни, Америка ҳукумати таклиф этган кузатувчилар сайлов участкаларига боришлари мумкин. Улар агар бирор участкада камчиликка йўл қўйилса, маҳаллий сайлов қўмиталарирасмийларига шикоят ёзишлари мумкин.

Айни пайтда, АҚШнинг кўпгина штатларида норасмий хорижий кузатувчиларнинг сайлов участкаларидан камида 90 метр нарида бўлишлари талаб этилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг АҚШдаги кузатувчилар гуруҳи матбуот вакили Урдур Гуннарсдоттирга кўра, айрим кузатувчиларнинг сайлов участкаларига киришга рухсат этилиши, бошқаларига рухсат берилмаслигини қабул қилиб бўлмайдиган холат, деб баҳолади.

Гуннарсдоттирга кўра, кўплаб кузатувчилар сайловларни бевосита кузата олмаганига турли штатларда сайловларга оид турлича қонунлар мавжудлиги ва бюрократия сабаб бўлган.

Гуннарсдоттир кузатувчилар шикоятларини 50та штатда сайловлар турли қонунлар асосида ўтказилиши билан изоҳлайди:

”Сайловларни кузатиш учун штат ёки вилоят даражасида аккредитациядан ўтиш ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Бу жараён Европадагидан тубдан фарқ қилади. Бу жуда мураккаб жараён, яъни, сайловни кузатиш учун сиз Европа давлатларидаги сингари фақат бир марта эмас, билмадим неча марта мурожаат қилишингиз керак бўлади. Эллик марта. Мен ҳар бир штатга бир мартадан ва яна айрим сайлов участкаларига мурожаат қилишингизга тўғри келади “ - дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийси.

Сан Франциско шаҳрида жойлашган “Global Exchange” номли инсон ҳуқуқлари ташкилоти сайловларни кузатиш учун 20 нафар тажрибали хорижий кузатувчини таклиф қилган.

Айни пайтда, таниқли америкалик кинорежиссёр Майкл Мур президентлик сайловлари жараёнида қонунбузарлик бўлган-бўлмаганини кузатган.

Қизғин мунозараларга сабаб бўлган “Фарангейт 9/11” номли хужжатли филм муаллифи Мур Флорида ва Охайо штатларига бир минг икки юз нафар профессионал ва хаваскор фотографни жўнатган. Улар сайлов жараёнини суратга олган. Чунки айнан шу икки штатда сайлов қонунлари бузилиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор эди. Мурга кўра, агар бирон шахс овоз бериш тартибини бузса, фото ва видеокамералар буни далил сифатида суратга туширади.
XS
SM
MD
LG