Линклар

logo-print

Ўзбекистон яна биринчи. Бу сафар пул қадрсизланиши жиҳатдан


Зикрилло Ишонч Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон миллий валюта қадрсизланишининг кучлилиги жиҳатдан МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари орасида биринчи ўринга кўтарилган. Сўнгги ўн ойда ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан салкам 7 фоиз қадрсизланган.

Шу давр оралиғида 1 АҚШ долларининг қиймати 980 сўмдан 1046 сўмга кўтарилган. Миллий валюта қадрсизланиши бўйича Ўзбекистондан кейинги ўринларни Тожикистон (2,39 фоиз) ва Беларусь (0,75 фоиз) эгаллаган. Туркманистонда эса долларнинг расмий курси ўзгармаган. Қолган барча давлатларда миллий валюталар қадри АҚШ долларига нисбатан ўсган.

Иқтисодчи олим Иброҳим Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, АҚШ долларининг курси кўплаб хорижий валюталар, масалан, евро ва Россия рублига нисбатан тушиб боряпти. Россияда иқтисод ўсиб бормоқда. Бу давлат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ортаётир. Ўзбекистонда эса бунинг акси кузатиляпти.

И.Ҳакимовнинг таъкидлашича, нақд пул танқислиги шароитида доллар курсининг ўсиб бораётганидан агар ойлик, нафақа ва стипендиялар ўз вақтида берилса, бу ўсиш янада тезлашади, деган хулосага келиш мумкин. Бу ҳолат давлатда иқтисодий танглик мавжудлигидан дарак беради. Бу танглик иш ўринлари яратилмаётгани, корхона ва заводлар ишламаётгани, ишлаб чиқариш суръати секинлигида намоён бўлади.

И.Ҳакимов марказлашган иқтисодий сиёсат ва ишлаб чиқариш секторига эркинлик берилмаётгани миллий валюта қадрсизланишига туртки бўлаётганини билдирди.

Ёш иқтисодчи Дилмурод Султоновнинг фикрича, сўм қадрсизланишининг сабабларидан бири долларга бўлган талабнинг юқорилигидадир. Бу эса халқ истеъмоли товарларининг кўпи мамлакатга четдан келтирилиши билан изоҳланади. Иккинчи сабаб мамлакатда ишсизлик даражаси юқорилигига бориб тақалади. Ишсизлик кўплиги эса сўмнинг инфляциясини келтириб чиқаради. Учинчи сабаб олиб борилаётган пул-кредит сиёсатида миллий валюта беқарорлиги сақланиб қолаётганида кўринади.
XS
SM
MD
LG