Линклар

Ўзбекистон ва Россия аёлларининг муаммолари ўхшаш


Феруза 3 ноябр куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги биносида “Хотин-қизлар ва ХХI асрдаги барқарор тараққиёт” деб номланган Ўзбекистон-Россия форуми бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва “Росзарубежцентр”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакиласи Шарбат Абдуллаеванинг сўзларига қараганда, форумни ўтказишдан мақсад икки давлат хотин-қизлари ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

Форумда иштирок этаётган Россия делегацияси вакиласи Валентина Кирилинанинг таъкидлашича, россиялик аёлларда учрайдиган муаммолар ўзбек хотин-қизларида ҳам мавжуд. Масалан, оналар саломатлигини сақлаш, ҳомиладорликдан сақланиш, аёлларни иш билан таъминлаш шундай муаммолар сирасига киради. Аммо бу муаммолар даражаси икки давлатнинг бир-бирига тўғри келмайдиган иқтисодий аҳволига мос равишда фарқланади.

Форумда сўз олган Ўзбекистон вакиллари, асосан, мамлакатда хотин-қизлар фаолиятига катта эътибор берилаётгани, кенг имкониятлар яратилаётгани ҳақида гапирди.

“Меҳри” хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) бирлашмаси раисаси Зулфия Тўхтахўжаева сўнгги пайтларда Ўзбекистонда аёллар масалалари билан шуғулланувчи ННТ фаолияти сустлашгани, бундан мақсад фақат чет эл грантлари ютиш экани тўғрисидаги мулоҳазаларни инкор қилди. Унинг айтишича, кейинги бир ярим йил мобайнида хотин-қизлар ННТнинг қарийб барчаси чет эл грантларисиз фаолият кўрсатган. Улар ўз ҳисобидан ишлаб, аёллар муаммоларини бартараф этишга бел боғлаган.

З.Тўхтахўжаева бу ташкилотлар ҳар қандай иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликларга қарамай, гендер тенглик бўйича эркаклар ўртасида тренинглар ўтказаётганини таъкидлади. Шунингдек, қамоқхоналардаги аёллар, муҳожир афғон аёллари, етимхоналар, мардикор аёллар муаммоларига тўхталди.

Форум якунида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Россия хотин-қизлар уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
XS
SM
MD
LG