Линклар

logo-print

“Эрлар тиланчилик, аёллар эса мардикорлик қилиб ўзини сотсин”


Ҳакимбек “Озодлик” мухбири юз минглаб ўзбекистонликларнинг тирикчилик манбаи ҳисобланадиган Тошкентдаги Чорсу ва “Чилонзор” (собиқ “Отчопар”) буюм бозорларида бўлиб, бу ердаги вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди.

1 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистонга четдан товар олиб келадиган жисмоний шахслар фаолиятига бағишланган 387-қарори кучга кирди. Бу қарорни амалга оширишга киришилгани Қўқон шаҳрида катта норозилик чиқишига сабаб бўлди.

2 ноябрь куни Тошкентдаги катта бозорлардан бири Чорсуда асосий келишмовчилик муқим савдо расталарига эга бўлмаган майда савдогарлар фаолияти милиция ходимлари рухсат бермаётгани сабабли юзага келгани кузатилди. Шу боис, савдогарлар бозор ҳудудида товарларини қўлда кўтариб юриб савдо қилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

Чорсунинг пастки қисмида савдо қилишга рухсат берилмаётир. Бозорнинг юқори қисми эса нисбатан бой тадбиркорлар томонидан сотиб олинган.

Чорсудаги савдогарларнинг айтишича, ҳали бу бозорда Вазирлар Маҳкамасининг 387-қарори юзасидан жиддий текширишлар ўтказилаётгани йўқ.

“Чилонзор” буюм бозорида эса бутунлай бошқа манзара ҳукмрон. Айни савдо қизғин бўладиган туш пайтида бозор ўзига ўхшамайди – бутунлай ҳувуллаб ётибди. Бозор чеккасида кам сонли савдогарларни учратиш мумкин, холос.

Уларнинг сўзларига қараганда, текшир-текшир кучайгани сабабли кўпчилик савдогарлар бозорга чиқишдан чўчиган. Чунки улар ҳали зарур ҳужжатларни тайёрлаб улгурмаган.

Савдогарларнинг таъкидлашича, 1 ноябрь куни бозорда катта тартибсизлик бўлган. Милиция ходимлари Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилган ҳужжатлари бўлмаган савдогарларни бозордан ҳайдаган, маҳсулотларини тортиб олишга ҳаракат қилган. Натижада икки ўртада қисқа тўқнашувлар ҳам бўлган. Эртаси куни эса эшик олдида турган назоратчилар тегишли ҳужжатлари бўлмаган савдогарларни бозорга киритмасликка ҳаракат қилган. Бир амаллаб бозорга кириб олганлар эса тинчгина савдо қилишга қўйилмай, ҳар томонга қувилган.

“Қувлайвериб хунобимизни оширяпти. Бизни қуваётганларнинг бошлиғи аёлларга эрларинг тиланчилик қилсин, сизлар эса мардикор бозорга чиқиб, ўзларингни сотинглар, дебди. Ўзимизнинг одамлар ўз халқимизни хўрламоқда”, деди савдогарлар.

Савдогарлар милиция ходимлари уларни урса ҳам, сўкса ҳам савдо қилишларини, бошқа иложлари йўқлигини билдирди.

Тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасининг 387-қарори савдогарларни фақат зиён ва инқирозга олиб бориши, шунинг учун бозорларда тўполонлар давом этишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG