Линклар

Қозоғистон ўзининг уч фуқаросини Ўзбекистонга топширди

  • Абдулла Искандар

Кейинги пайтларда эса Қозоғистон расмийлари Ўзбекистон талабига биноан Қозоғистонда истиқомат қилаëтган Ўзбекистон фуқароларини экстрадиция қила бошлади. Ўтган ҳафтада Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси бир Ўзбекистон фуқаросини Ўзбекистонга экстрадация қилган эди. 3 ноябр куни эса Қозоғистоннинг уч нафар фуқароси Ўзбекистонга топширилди. Уларнинг номлари Ўзбекистонда содир этилган портлаш ва тўқнашувлар бўйича очилган жиноят ишида бир неча бор тилга олинган эди.

Қозоғистон бош прокуратураси ака-ука Абдунаби ва Азамат Қодирохунов ҳамда Элмурод Маматқуловларни Ўзбекистонга топширди.

Улар Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қиладилар.

Уларнинг учаласи ҳам Қозоғистон фуқароларидир.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси берган маълумотга кўра¸ Ака-ука Қодирохунов ва Маматқуловларнинг номлари шу йилнинг баҳорида Тошкент ва Бухорода содир этилган портлаш ва тўқнашувлар бўйича очилган жиноят ишида келтирилади.

Ўзбекистонга топширилган Қозоғистон фуқаролари портлаш ташкилотчиларини ноқонуний хорижга чиқариб юборганликда айбланмоқда.

Қозоғистон фуқаросини ўзга давлат қўлига топшириш мамлакат ички қонунларига зид келмайдими?

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Бўтакўз Ибраева "Озодлик" мухбири билан суҳбатда буни шундай изоҳлади:

"Қозоғистон фуқаролари ҳар иккала мамлакат бош прокуратураси ўртасида имзоланган шартномага биноан ва ҳуқуқий кўмак борасидаги Минск келишувига асосан топширилди."

Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистонга топширилиши халқаро меъëрларга мувофиқ келадими?

Биз билан сухбатда бу саволга Россиядаги "Мемориал" ташкилоти МО дастури раҳбари Виталий Пономарев жавоб берди.
"Сиëсий ëки диний сабабларга кўра фуқароларни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни¸биз доимо қоралаб келамиз. Чунки Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланилиб келади. Мавжуд халқаро келишувга кўра¸ қийноқлар қўлланиладиган мамлакатга фуқароларни экстрадиция қилиш мумкин эмас. Ўзбекистон қамоқхоналарда қийноқларнинг систематик тарзда қўлланилиши БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасининг 2002 йилдаги резолюциясида ўз аксини топган."

Виталий Пономарев фуқароларни Ўзбекистонга экстрадация қилишни чеклайдиган учта сабабни тилга олади.

"Биринчидан қийноқларнинг мунтазам қўлланилиши. Иккинчидан мустақил суд жараëни ўтказишнинг имконсизлиги. Учинчидан Ўзбекистонда ўлим жазосининг мавжудлиги. Халқаро меëрларга кўра мана шу уч сабабдан лаоқал биттаси бўлган мамлакатга фуқароларни экстрадация қилиш мумкин эмас."

Қозоғистонлик сиëсатшунос Азимбек Ғали ҳам Виталий Пономаревнинг фикрига қўшилади.

"Кишиларни эътиқодига ва сиëсий қарашларига кўра қувғин қилиш бизга обрў келтирмайди¸" - дейди қозоғистонлик сиëсатчи.

Айни пайтда Ўзбекистон томони ҳам Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига икки ўзбекистонликни топширди.

Бу фуқаролар портлашларни ташкил қилишда айбли деб топилиб Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаëтган эдилар.

Улар Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан қўзғатилган жиноий ишда гувоҳ сифатида иштирок этадилар.
XS
SM
MD
LG