Линклар

logo-print

Номзоднинг чиқиши таҳрир қилинмайди, аммо битта “лекини” бор…


Шайбон Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этадиган номзодларнинг сайловолди тарғиботда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни эълон қилди.

Низомга кўра, сиёсий партиялар ва мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан кўрсатилган номзодлар учун давлат телевидениеси ва радиосида ҳафтада бир марта 40 дақиқагача бепул эфир вақти берилади. Уларнинг чиқишларини таҳрир қилиш ман этилади. Газеталарда бирор номзодга ён босиб, ажратилган жойларни номутаносиб тақсимлашга ҳам йўл қўйилмайди.

Номзодлар мустақил ёки тижорат оммавий ахборот воситаларидан ўз имкониятлари даражасида фойдаланишга ҳақлидир. Лекин бу ҳолатда ҳам номзодларга тенг имконият яратиб берилиши лозим.

Ушбу низомда айрим кузатувчиларда хавотир уйғотаётган ўринлар ҳам мавжуд. Масалан, ҳужжатнинг 4-банди 15-моддасида қуйидаги сўзлар бор (русчадан таржима): “Оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга мос келиши, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббус гуруҳларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига путур етказмаслиги керак”.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг мулоҳазаларига кўра, бу модда ўз-ўзидан баҳсларнинг йўлини, курашни тўсади. Номзодлар белгиланган мавзудан чиқа олмайди.

Мухолифатдаги партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларини бирлаштирган “Давра кенгаши” аъзоси, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, соҳа мутахассиси бўлмаган киши ҳам бу модда очиқ-ойдин цензура эканини англай олади. Бундан номзодларнинг чиқишлари ҳукуматнинг Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий воқелик борасидаги қарашларидан фарқ қилса, бу ҳақиқатдан йироқ маълумот сифатида қабул қилинади ва эфирга узатилмайди, деган хулоса келиб чиқади.

Демократик ташаббуслар маркази раиси Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, мазкур модда маълумотларни саралаш мақсадида киритилган. Бу мустақил оммавий ахборот воситаларини тиз чўктиришга уринишдир.

Низомнинг 20-моддасида оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ишончли бўлмаган, шунингдек, депутатликка номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатишдан тийилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

И.Худойбергановнинг фикрича, бу модда расмий нуқтаи назарларга мос бўлмаган қарашларнинг эфирга чиқиб кетиши олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

МСК матбуот хизмати котиби Низомиддин Нурматов тилга олинган моддалар номзодларга оид текширилмаган, улар қадрини ерга урадиган маълумотлар тарқатилиши олдини олиш учун қабул қилинганини билдирди. У номзодларнинг ОАВдаги чиқишларига ҳеч қандай тўсиқ ва чекловлар бўлмаслигини, номзодлар айтган фикр ва ғоялари учун ўзи жавоб беришини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG