Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:03

Сайловда аёл номзодга қийин бўлади


Феруза Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонунида сиёсий партиялар томонидан вилоят, туман ёки шаҳар халқ депутатлари кенгашларига кўрсатилган номзодларнинг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги белгиланган.

“Озодлик” мухбири сайловга ўз номзодини қўядиган аёллар олдида пайдо бўладиган муаммолар ва уларнинг имкониятларини ўрганишга ҳаракат қилди.

“Меҳри” аёллар жамияти раисаси Наима Холмуҳаммедованинг сўзларига қараганда, сайловга аёллар номзоди учун маълум квота белгиланиши шу вақтгача амалиётда кузатилмаган. Шунинг учун аёлларнинг сайловга тайёргарлик даражасини юқори деб бўлмайди. Қолаверса, сайловчи аёллар олдида номзод хотин-қизлар сайловда ютадими-йўқми, аёл депутат нима қилиб беради, каби савол барибир кўндаланг тураверади.

Н.Холмуҳаммедованинг фикрича, сайловда иштирок этадиган аёлларни қўллаб-қувватлаш керак. Зеро, аёл ва бола муаммоларини ҳеч ким уларчалик тушуниб, ҳал эта олмайди. Сайловда номзоди кўрсатилган аёлнинг муаммоси номзод эркакникидан кўп бўлади. Чунки жамиятда аёл, биринчи навбатда, оналик вазифасини бажариши керак, деган тушунча жуда кучли.

Тошкентдаги маҳалла қўмиталаридан бирининг раисаси Дилобар Тўхтаеванинг таъкидлашича, ўзбек аёллари доимо уй юмушлари билан банд бўлиб келган. Уларда сиёсий фаоллик деярли бўлмаган. Шунинг учун номзоди депутатликка кўрсатилиши режалаштирилаётган аёл, аввало, ўзига ишонч сезмаслиги мумкин.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси мутасаддиларидан бири Шарбат Абдуллаева аёлларнинг сайловда ютиб чиқиши ёки ютқизиши уларнинг ўз имкониятларидан қандай фойдаланишига боғлиқлигини билдирди.

“Бизнинг мамлакатимизда аёл ўз йўлини топиши учун ҳамма шароит бор. Сайловда эркаклар олдида қўрқув ёки ҳаяжонланиш бўлиши мумкиндир. Чунки ўзбек аёли барибир ўзбек аёли”, деди Ш.Абдуллаева.
XS
SM
MD
LG