Линклар

Қизлар ва жинсий тарбия


Саида Ўзбекистонда жинсий муносабатлар ҳақида адабиётлар мавжудми? Ўзбек киноларида жинсий муносабат акс эттириладими? “Озодлик” мухбири шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ўзбек қизлари жинсий тарбия мавзуси тенгдошлари билан суҳбатларда, баъзан махсус дарсларида кўтарилишини маълум қилди.

“Оила” республика илмий-амалий маркази ходими Даврон Холиқов 1994 йилда жинсий тарбия мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. У худди шу йўналишда олий ўқув юртларида талабаларга ҳам таълим беради.

Д.Холиқовнинг сўзларига қараганда, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласида “Оила” маркази мамлакат миқёсида бир қанча тадбирларни амалга оширмоқда. Шунингдек, кўпгина олий ўқув юртларида йигит ва қизларнинг оила қуришдан олдинги масъулият ва вазифалари ҳақида махсус дарслар ўтилади. Лекин бу дарсларда жинсий муносабатлар ҳақида очиқ-ошкора сўз юритилмайди. Дарслар ўзбек менталитетидан келиб чиқиб, шарқона одоб-ахлоққа кўра пардалик тарзда ўтказилади.

Ўзбекистонда ёш оилаларнинг бузилиб кетиши ҳоллари кам эмас. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлаётир. Шундай омиллардан бири сифатида ёшларнинг, айниқса, қизларнинг жинсий ҳаётга тайёр эмаслиги айтилади.

Шифокор Ўктам Муҳаммад Мурод ҳаммуалифлигидаги “Чимилдиқ сирлари” китобида бу омил ҳақида ҳам сўз юриталади. Унда ёзилишича, ёш келиннинг жинсий яқинлашув жараёнида йўл қўядиган хатоси, бу борада етарли тасаввурга эга эмаслиги унда кейиналик ёмон хотира қолдиради.

1-Тошкент педагогика билим юрти ўқитувчиси Ҳалима Дадамуҳаммедова қизларда жинсий тарбия мукаммал эмаслиги оилалар бузилиб кетишига сабабларидан бири бўлаётганини тасдиқлади.

“Ота-оналар ва устозлар қизларга шундай тарбия бермаётгани оила бузилишига олиб келувчи сабаблардан биридир. Шунинг учун ўқув муассасалари дарс жадвалига шу соҳага оид фан киритилиши лозим”, деди Ҳ.Дадамуҳаммедова.

Китоб дўкони сотувчиси Шоҳида Расулованинг айтишича, ўзбек тилидаги “Қизим сенга айтаман”, “Келинлик остонасида”, “Лаззатланиш сирлари”, “Никоҳнинг биринчи кечаси” каби китоблар анча кўпайиб қолди. Бу китобларни кўпроқ оналар харид қиляпти.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган режиссёрлардан бирининг айтишича, собиқ иттифоқда порнографик эпизодларга эга фильмлар олишга рухсат этилмаган. Ўзбекистонда ҳозир ҳам шундай тақиқ мавжуд. Шунга қарамай, бугунги ўзбек киносида бундай саҳналар айнан кўрсатилмаса-да, фаҳш ишлар, эҳтирослар сўз орқали ифода этилмоқда.
XS
SM
MD
LG