Линклар

Ўзбекистонликларнинг Бушдан умиди катта

  • Садриддин Ашур

Жорж Бушнинг АҚШ Президентлигига қайта сайлангани Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига қандай таъсир кўрсатиши масаласида ўзбекистонликлар турлича фикр билдирмоқда.

4 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сайловда ғалаба қилгани муносабати билан Жорж Бушга табрик йўллади. Унда бу ғалаба Ж.Буш олиб бораётган сиёсатни Америка халқи қўллаб-қувватлашидан дарак бериши, Ўзбекистон ҳукумати бундан кейин ҳам АҚШ билан ҳар томонлама алоқаларни кенгайтириб бориши айтилади.

Ўзбекистонликлар Ж.Бушнинг халқаро сиёсатига, терроризмга қарши курашга турлича фикр билдиради.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, АҚШ доимо жамиятнинг демократик ривожланиши тарафдори бўлиб келган. Шунинг учун Ўзбекистонда демократияни бўғишга ҳаракатлар икки давлат муносабатларига таъсир қилмай қолмайди. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланмаётгани сабабли АҚШ ҳукумати эндиликда Ўзбекистонга муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади. Бу сиёсатнинг Ўзбекистон тараққиётига сиёсий, иқтисодий, маънавий таъсири, албатта, сезилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда икки давлат ўртасида анча совуқлик тушган. Шу боис, Буш бундай буён Ўзбекистон билан муносабатларни қайта кўриб чиқади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам юқоридаги фикрларга қўшилишини билдирди.

“Албатта, хавфсизлик ва терроризм масалалари Бушнинг ички ва ташқи сиёсатида устивор йўналиш бўлиб қолади. Лекин бунга қўшимча равишда Ўзбекистонга муносабатда инсон ҳуқуқлари, мухолифатдаги партиялар ва сиёсий плюрализмга эътибор аввалгидан кучайишига умид қиламан”, деди К.Раббимов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бундан кейин ҳам муваффақиятли давом этишига барча асослар борлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG