Линклар

Қонунни тушуниш қийин кечмоқда


Наманган вилояти сайлов комиссиясида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида журналистларни сайлов тўғрисидаги қонун, уни бузган шахсларга белгиланган жазо, қонуннинг амалда бажарилишига кафолатлар масалалари қизиқтирди.

Наманган вилояти сайлов комиссияси раиси Солижон Нодировнинг сўзларига қараганда, Олий Мажлисга сайлов тўғрисидаги қонунга 2003 йил 29 августда киритилган ўзгартиришлар сайлов комиссияларига ташаббус гуруҳлари ҳужжатларини текширишда кенг ваколатлар беради. Энди сайлов комиссиялари жойлардаги тегишли идоралар ёрдамида бу гуруҳлар тўплаган имзоларни текшириши мумкин.

Сайлов комиссия матбуот маркази тарғибот бўлими раҳбари Бахтиёр Исоқов сайлов тўғрисидаги қонунни тўла тушуниб етиш жойлардаги мутасаддилар учун ўта қийин кечаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Олий Мажлиснинг амалдаги таркибида парламентда кўрилаётган масалалар моҳиятига тушунмайдиган депутатлар бор. Бундайларнинг яна депутат бўлиб қолмаслиги учун сайловчилар улар тўғрисида жиддий қизиқиб кўриши керак.

Б.Исоқовнинг эътирофича, сайлов тўғрисидаги қонунни бузган ҳар қандай шахсга Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жаримадан тортиб озодликдан маҳрум қилишгача бўлган чоралар кўрилади.

“Эркин сайловларсиз биз хоҳлаётган ҳуқуқий демократик давлат ва жамият қуриб бўлмаслиги исбот талаб қилмайди. Ҳозир АҚШда ҳам демократияни мукаммал деб бўлмайди. Улар ҳам терроризм муносабати билан инсон ҳуқуқларини чеклашга киришди. Хавфсизликми ёки ҳуқуқ масаласида улар хавфсизликни танлади”, деди Б.Исоқов.

Матбуот маркази раҳбари Илҳом Раҳматовнинг билдиришича, бир киши бутун оиласи номидан овоз бермаслигини таъминлашга қонуний кафолатлар бор. Бироқ бундай қонунбузарликлар олдини олишнинг энг мақбул йўли сайловчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришдир.
XS
SM
MD
LG