Линклар

Ўзбек киносида жиноятчилар идеаллаштирилмоқда


Саида Кузатувчилар сўнгги вақтларда ўзбек киносида мафия аъзолари ва жиноятчилар образлари романтиклаштирилаётгани ҳақида фикрлар билдирмоқда.

Киношунос Феруза Нодированинг сўзларига қараганда, бундан 10-15 йил аввал мавжуд бўлган ижобий қаҳрамон тушунчаси бугунги кунга келиб бироз ўзгарган. Ҳозир замонавий қаҳрамон образини яратишга катта эътибор қаратиляпти. Масалан, “Шайтанат” фильмидаги бош қаҳрамон Асадбекнинг отаси мустабид тузум қурбони бўлган. Асадбек қасос олиш мақсадида мафияга аъзо бўлади.

Ф.Нодированинг фикрича, бугунги ўзбек киносида мафия ва жиноятчилар образининг биринчи планга олиб чиқилишини ҳаёт талаби сифатида баҳолаш мумкин. Аммо бундай фильмлар ўзбек киносида унчалик кўп эмас. Қолаверса, бундай образларга режиссёрлар турлича ёндашади. Баъзилари жиноятчини қораласа, бошқаси уни шу йўлга бошлаган сабабларни очишга интилади.

Кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг таъкидлашича, ўзбек киносида яратилган жиноятчилар образлари чет эл киноларидан кўчирма, холос. Аслида бу образлар ҳаётий мисолларга таяниши керак. Ўзбек киночилари чет элга тақлиддан қочиб, мамлакатда мавжуд муаммолар ҳақида фильм яратиши зарур. Масалан, тадбиркорлик, фермерлик йўлини танланган замондошларнинг ўз мақсадларига эришиш йўлида учраётган қийинчиликлари жуда кўп.

Ёш кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг мулоҳазаларига кўра, кино ҳамиша давр билан ҳамнафас бўлиши керак. Яъни кинодаги образлар фақат давр муаммоларини кўтариб чиқсагина, томошабин томонидан яхши қабул қилинади.
XS
SM
MD
LG