Линклар

logo-print

Хоразм матбуотида фелъетон йўқ


Меҳрабон Кузатувчиларнинг эътирофича, сўнгги вақтларда Хоразмдаги маҳаллий газеталарда фелъетон жанрида ёзилган мақолалар умуман чоп этилмаётир. Айримлар бу ҳолатни журналистларнинг билимсизлиги, бошқалари эса раҳбарларнинг танқидий мақолаларга салбий муносабати оқибати сифатида изоҳламоқда.

Хоразмлик кекса журналист Қодир Матчон илк танқидий мақоласи учун қамчи билан саваланганини эслайди.

"1937 йилда 4-синфда ўқир эдим. Менга қишлоқ мухбири, деган қоғоз ҳам бериб қўйишди. Менга пахта далаларини ўт босгани ҳақида мақола ёзишни буюришди. Бир кичкина мақола ёзиб бордим, дарҳол босилди. Эртаси куни колхоз ҳосилоти: “Мени газетага ёзган ҳали сенми”, дея орқамга икки қамчи урган эди”, деб хотирлайди кекса журналист.

Қ.Матчоннинг айтишича, газеталарнинг иқтисодий аҳволи яхшиланмас экан, танқидий мақолалар камёблиги сақланиб қолаверади. Чунки ҳозир газеталар реклама материаллар учун корхоналардан тушадиган маблағ ҳисобига ишлаб турибди. Аслида бу корхоналарда қонунбузарликлар жуда кўп. Лекин бу ҳақда ёзса, газета маблағсиз қолади ва синиб кетади.

Юзлаб фелъетонлар муаллифи, кекса ижодкор Фозил Зоҳиднинг таъкидлашича, илгари газеталарда чоп этилган фелъетон муҳокама қилиниб, айбдорлар жазосини оларди. Фелъетонлар партия белгилаб берган йўналишлар бўйича ёзилгани учун партия идоралари унда кўрсатилган камчиликларни бартараф қилишга қаттиқ киришарди. Сўнгги вақтларда эса газеталарда бирорта фелъетон учрамаётир.

“Хоразм ҳақиқати” газетаси муҳаррири ўринбосари Солияжон Раҳимжонованинг фикрича, фақат фелъетон жанрига ёпишиб олиш шарт эмас. Танқидий материалларни бошқа жанрларда ҳам ёзса бўлади. Бундай мақолалар эса газеталарда чоп этилмоқда.

Журналист Эрпўлат Бахт маҳаллий матбуотда фелъетон учрамаётгани сабаблари сифатида журналистларнинг бу жанр назариясини яхши ўзлаштирмагани, раҳбарларнинг танқидий мақолаларга салбий муносабатда эканини кўрсатди.

Унинг эътирофича, сўнгги пайтларда газеталарда танқидий мақола чоп этилса ҳам унинг ижобий натижаси бўлмаётир. Раҳбарлар ит ҳурар, карвон ўтар, қабилида иш юритмоқда.
XS
SM
MD
LG