Линклар

Ўзбек чегарачилари ўликдан паспорт сўрайди


Ҳакимбек Хабарларга қараганда, ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон чегарачилари Қозоғистонга ишлашга бориб ҳалок бўлган йигитнинг мурдаси паспорти бўлмагани учун чегарадан олиб ўтилишига тўсқинлик қилган.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасида жойлашган “Ғишткўприк” чегара постида бўлиб, воқеани ўрганди.

Воқеа гувоҳларининг сўзларига қараганда, сурхондарёлик ака-ука Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида мардикорлик қилган. Бироқ уларнинг кичиги қурилишда ишлаётганида баландликдан йиқилиб, ҳаётдан кўз юмган. Ака эса укасининг мудасини олиб, чегарагача ҳеч қандай тўсқинликсиз етиб келган. Не кўргуликки, марҳумнинг паспорти шошилишда унутиб қолдирилганми ёки йўқолганми, чегарачилар ўликни ўтказмаган. Ўликни турли йўллар билан чегарадан ўтказишда бўлган барча уринишлар бекор кетган. Ака укасининг ўлиги билан ўз ватани чегараси остонасида икки кеча-кундуздан ортиқ кўчада қолиб кетган. Унинг пули бўлмаган. Чегара ҳудудида яшовчи қозоқлар акага 70 минг сўм атрофида пул йиғиб берган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, чегаранинг Ўзбекистон томонида марҳумнинг яқинлари келиб, кутиб турган. Ўзбек аскарларининг ноинсоний ҳаракатларидан ғазабланган 60 чоғли қозоқ аёллари тош ва таёқлар билан чегарачиларга ҳамла қилган ва қаттиқ тўполон кўтарган. Шундан сўнггина чегарачилар мурданинг ўтказилишига рухсат беришга мажбур бўлган.

Қозоғистонлик аёлларнинг ғазабига, марҳум укасининг жасадини ўз юртига олиб ўта олмаган аканинг нафратига сазовор бўлган Ўзбекистон чегарачиларнинг хатти-ҳаракатлари қанчалик қонуний?

Тошкент шаҳри адвокатлари коллегияси раисаси Гулнора Эшонхонованинг билдиришича, чегарачилар қонун бўйича тўғри иш тутган.

Мустақил кузатувчилардан бирининг айтишича, чегарадаги бу вазият қонун-қоидадан кўра кўпроқ одамийлик мезонларига амал қилинишини талаб этган. Чегарачилар гарчи қонунни рўкач қилган бўлса-да, оломоннинг талабидан сўнг ўликни олиб ўтишга рухсат бергани бу хулосанинг асосли эканини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили ҳам чегарачилар қонуний иш тутганини таъкидлади. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили эса чегарачилар ўликнинг паспортини талаб қилганини “аҳмоқона ҳаракат”, деб баҳолади.
XS
SM
MD
LG