Линклар

Хоразмда диндорлар нега кам?


Меҳрабон Кузатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига нисбатан Хоразм вилояти аҳли динга у қадар қаттиқ берилмаган. Айни пайтда вилоят аҳли орасида рўзадорлар ҳам кўп эмас.

Айни рамазон кунларида Хоразмда кўпчилик рўза тутмаётганини кузатиш мумкин. Баъзилари бунга касал экани сабаб бўлганини айтса, бошқалари шундоқ ҳам йил давомида ярим рўза юришини баҳона қилади.

“Булар рўза демайди, Қурбон ҳайит ҳам демайди, тўй ўтказаверади. Одамлар ўзгардими ёки замонми! Одамларда рўза тутишга мадор йўқми-эй. Кишилардан имон кетдими? Билмай қолдим” , дейди хоразмлик онахонлардан бири.

Вилоятдаги Имом Фахриддин ар-Розий номидаги ислом билим юрти мудири ўринбосари Давронбек Отаназар ўғлининг сўзларига қараганда, рўза тутиш, намоз ўқиш ҳар кимнинг виждонига, имонига ҳавола. Шариатда рўза ойида тўйлар ўтказилмасин, деган қоида йўқ. Шунга қарамай, рамазон ойига ҳурмат маъносида Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида бу пайтда тўйлар ўтказилмайди. Хоразмда эса бу ойда тўйлар ўтказилиб турилади.

Маълум бўлишича, хоразмликларнинг аксарият қисми диний ақидаларга риоя қилишдан чўчийди. Кузатувчилар мамлакатда диндорларга нисбатан кўплаб ноҳақликлар бўлаётгани бунга сабаб эканини тахмин қилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг билдиришича, бу йил ҳам Хоразм вилоятида турли хил эътиқоддаги бир қанча шахсларга дин масаласида тазйиқлар ўтказилган. Йил бошида вилоятда диний аттестациядан ўта олмаган 20 нафар имом-хатиб масжидлардан четлатилган. Шунингдек, Урганч шахрида фаолият кўрсатаётган баптист насронийлар черкови ёпилган, Урганч давлат университетининг Кришнани англаш таълимотини ўрганаётган бир гуруҳ талабалари фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокига муҳокамага қўйилган.

“Бундай шароитда аҳолининг қўрқувини тушуниш мумкин” , дейди кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG