Линклар

Ўзбекларни отгани учун бирорта туркман аскари жазога тортилмаган


Меҳрабон Хабарларга қараганда, яқинда Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида истиқомат қилувчи икки фуқаро туркман аскарлари томонидан отилган ўқдан яраланган. Айни пайтда улар Марғит шифохонасида даволанмоқда.

Маълум бўлишича, 39 ёшли Жамил Ражабов 31 октябрь, 28 ёшли Отахон Жуманиёзов эса 1 ноябрь куни яраланган.

Манғит шифохонаси жарроҳлик бўлими шифокори Абдулла ака ярадорларнинг аҳволи ҳозир анча яхшилигини айтмоқда.

Тўрт фарзанднинг отаси Ж.Ражабов Амударё туманининг “Амударё –понашам” фермер хўжалиги ҳудудида яшайди. У ишлайдиган фермер хўжалиги ерлари шундоққина Туркманистон чегарасида жойлашган.

“Ўша куни далага боргандим. Чегарада туркман аскарлари юрганини кўрдим. Бир оқ отилганини эслайман. Қолгани эсимда йўқ. Овулимиз йигитлари мени шифохонага олиб борган экан”, дейди Ж.Ражабов.

Ж.Ражабов елкасидан яраланган. У билан бир хонада ётиб даволанаётган О.Жуманиёзов эса оёғидан ўқ еган. О.Жуманиёзов Амударё туманининг “Қилчибой” ширкат хўжалигида яшайди.

О.Жуманиёзовнинг айтишича, у Туркманистондан бензин олиб ўтиш билан шуғулланади. Воқеа содир бўлган куни ҳам у бензин олиб ўтаётган эди. Шу пайт етиб келган туркман аскарлари контрабандачиларни қувиб Ўзбекистон ҳудудида бир неча ўн метр кирган ва ўқ узган. Яраланган О.Жуманиёзовни шериклари чегарадан узоқроққа олиб кетишга улгурган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, ўша куни О.Жуманиёзов ва дўстлари тўртта мотоциклдан ҳам айрилган. Туркман аскарлари чегарадан ўтиб, мотоциклларни олиб кетган.

Амударё туманининг Туркманистон билан чегарадош ҳудудларида яшовчи аҳолининг кўпчилиги бензин конрабандаси билан шуғулланади. Ишсизлик, ижтимоий ночорлик оқибатида одамлар жонини гаровга қўйиб бўлса-да, пул топишга ҳаракат қилади.

Бензин контрабандаси билан шуғулланадиган фуқаролардан бирининг билдиришича, улар бу ишни туркман чегарачиларига пора бериш орқали амалга оширади. Пул миқдорида келишмовчилик бўлса, туркманлар контрабандачиларни қувиб, чегаранинг Ўзбекистон томонига ҳам ўтиб кетаверади ёки ўқ узади. Бундай ҳолатлар тез-тез юз беради. Туркман чегарачилари содир этган жиноятларнинг барчаси ёпиқлигича қолмоқда. Уларнинг бирортаси жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида биров эшитмаган.
XS
SM
MD
LG