Линклар

Ташаббус гуруҳи тузиш осон, лекин ва яна лекин...

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда ўтказилажак парламент сайловига мустақил номзодлар кўрсатиш жараёни жуда қийин кечаётганини маҳаллий кузатувчилар ҳам, халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш у қадар қийин эмаслиги ҳақида кўп гапирмоқда. Унинг айтишича, мустақил номзод кўрсатиш учун камида 300 кишидан иборат ташаббус гуруҳи тузиш лозим. Гуруҳнинг ваколатли вакили округ сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Ҳужжатлар тўғри тўлдирилган бўлса, ташаббус гуруҳи рўйхатга олинади. Шундан сўнг номзодни қўллаб-қувватлаш учун округ сайловчилари умумий сонининг камида 8 фоизи миқдорида имзо тўпланади. Бунда овозлар ҳар бир ҳудуд бўйича мутаносиб тақсимланган бўлиши керак.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пэр Нурмарк ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш бўйича тартиблар мазкур ташкилотни ташвишга солаётганини билдирганди.

“Биз ташаббус гуруҳларни рўйхатга олиш анча мураккаб жараён эканини эътироф этамиз. Бу жараёнда оддий хатоларга йўл қўйилиши оқибатида номзодлар сайловда иштирок эта олмай қолиши мумкин”, деганди П.Нурмарк.

П.Нурмаркнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ЕХҲТнинг аъзоси сифатида Копенгаген шартномасига имзо чеккан. Бу ҳужжатга кўра, сайловларда ички ҳаққоний кузатувга рухсат берилиши керак. Лекин ҳозир Ўзбекистонда фақат рўйхатдан ўтган партиялар, ОАВ вакиллари ва ташаббус гуруҳи вакилларигина шундай ҳуқуққа эга.

МСК котиби Ойбек Соатовнинг сўзларига қараганда, шу кунгача рўйхатга олинган ташаббус гуруҳлари сони ҳар бир округ ҳисобига 1-2 тадан тўғри келади. Баъзи округларда 3 тагача ташаббус гуруҳи рўйхатга олинган.

Расман рўйхатга олинмаган мухолифатдаги “Бирлик халқ ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятованинг маълум қилишича, парламент сайловида иштирок этиш учун партия томонидан 10 га яқин ташаббус гуруҳ тузилган. Лекин шу вақтгача улардан фақат биттасинигина рўйхатдан ўтказишга эришилган.

Фарғона вилояти демократик кучлар форуми раиси Исмоил Дадажоновнинг эътирофича, қонун бўйича ташаббус гуруҳлари тузиш анча осон. Лекин уни рўйхатга олишни сайлов комиссиялари раислари истамайди. Зеро, ҳукумат ёқтирмайдиган мустақил номзодлар рўйхатга олинишига ўтиб бўлмас тўсиқлар қўйилган.
XS
SM
MD
LG