Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:32

ХДП сўл партияга айланди


Шайбон 6 ноябрь куни Тошкентдаги “Дедеман силк роуд” меҳмонхонасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 4-қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиянинг янги таҳрирдаги устави ва сайловолди платформаси қабул қилинди.

Йиғилиш аввалида қурултойнинг 11 кишидан иборат ишчи гуруҳи, кейин партия таҳрир комиссияси, котибияти, партия фаолияти учун зарур бир неча комиссиялар таркиби сайланди.

Шундан сўнг ХДП марказий кенгаши биринчи котиби Аслиддин Рустамовнинг ҳисоботи тингланди. А.Рустамов бундан буён ХДП сўл қанот партиясига айланиши, шундан келиб чиққан ҳолда асосий эътиборни ижтимоий адолатнинг қарор топишига қаратишни билдирди. Партиянинг сайловолди платформаси шу йўналишдан келиб чиқиб тузилади.

“Платформада мактаб таълимни ривожлантириш давлат дастури доирасида умумтаълим мактаблари бинолари ва ўқув-моддий бойликлари базасини сақлаш, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари бюджетдан молиялаш меёрларини қайта кўриб чиқиш, барча педагоглар ва тиббиёт ходимларининг моддий фаровонлигини таъминлаш, касблари нуфузини кўтариш учун ойлик маошларини кескин кўпайтириш таклиф этилмоқда. Платформада аҳолининг тўлов қобилиятини ҳисобга олмасдан уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва алоқа хизматлари учун нархларнинг мунтазам оширилишига қарши эканлигимиз ва ушбу соҳаларда тарифларнинг шакллантирилиши устидан назоратни кучайтириш лозимлиги ҳам асослаб берилган”, деди А. Рустамов.

Қурултой танаффуси чоғида “Озодлик” мухбири А.Рустамов билан суҳбатда бўлди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асослари яратилган. Шунга қарамай, мамлакатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган қатламлар, инсонлар бор. Партиянинг асосий мақсади мана шундан келиб чиққан ҳолда мавжуд камчиликларни топиш, жамиятга кўрсатиш, батараф этиш бўйича аниқ таклифлар билдиришдир.

Қурултойда молиявий қийинчилик сабабли иш излаб мамлакатни тарк этаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласи ҳам кўтарилди. А.Рустамов бу партия ўз олдига қўйган устивор мақсадлардан бири эканини билдирди.

“Биз фуқароларнинг четда ишлаши тарафдоримиз. Аммо бизнинг таклифимиз шундайки, четга бориб ишлаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси давлатлар ўртасида тузиладиган битим ва бошқа ҳужжатлар асосида таъминланиши керак”, деди ХДП биринчи котиби.

Қурултой давомида анча эътиборли малоҳазалар билдирилди. Аммо гап уларнинг ҳаётга тадбиқ этилишида. Зеро, партия авввалги сайловда ҳам бир қарашда жуда олижаноб кўринган дастури билан халққа кўриниш берган эди. Бироқ уларни ижроси деярли кўзга ташланмади.

ХДП матбуот хизмати вакили Акбар Жонузоқовнинг сўзларига қараганда, партиянинг бу сафарги қарорлари анча жиддий. Қурултойга хорижий ОАВ вакиллари ёлғон ваъдани дарҳол фош этувчи манба сифатида таклиф этилгани ҳам шундан далолат бериб турибди.

Шу ерда бир ҳақиқатни тан олмоқ жоиз. Ҳақиқатан ҳам ХДП ўз қурултойига хорижий ОАВ вакилларини таклиф этига журъат қилган ягона расмий партиядир.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон либерал демократик партияси йиғилиш, 6 ноябрь куни “Фидокорлар” партияси эса матбуот анжумани ўтказди. Бироқ бу тадбирларга хорижий ОАВ ходимлари таклиф этилмади.
XS
SM
MD
LG