Линклар

Ўз мухбирини ишдан ҳайдаган бошлиқ


Шайбон Хабарларга қараганда, Навоий вилояти телерадиокомпанияси журналисти Нодира Самандарова Интернет саҳифаларида эълон қилинган танқидий мақолалари учун телерадиокомпания раиси Ғулом Султонов томонидан ишдан бўшатилган.

Н.Самандарова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда телерадиокомпания раисининг бу қарори ўзи учун кутилмаган воқеа бўлганини билдирди. Унинг айтишича, Ғ.Султонов 1 ноябрь куни журналистни ўз қабулига чақирган ва 4 ноябрдан эътиборан ишдан бўшатилишини маълум қилган. Бунинг сабаби сифатида Н.Самандарова Интернетда эълон қилинган мақоласида ўз раҳбарининг ва ўзи ишлаётган ташкилотнинг обрўсини тўкканини рўкач қилган. Ғ.Султонов журналистдан уч кун ўйлаб кўришга муҳлат берган ва бундан кейин бундай танқидий мақолалар эълон қилмаслик тўғрисида тилхат ёзиб беришни талаб қилган. Н.Самандарова ўз фикрида қолгани сабабли уни ишдан бўшатган.

Н.Самандарова телерадиокомпания раисида эътироз уйғотган мақола ҳақида тўхталди.

“Ғ.Султонов ходимларнинг меҳнат шартномасини йилига бир неча марталаб ўзгартириб туради. Йил бошида тузилган шартномани ҳам ўзгартириб, унга телерадиокомпания ходимларининг Интернет сайтлари, чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишини тақиқловчи банд киритди. Аслида бу қонунчиликка зид. Шартнома учинчи марта ўзгартирилганда бу банд йўқлигини кўрдим”, деди журналист.

Н.Самандарованинг таъкидлашича, у меҳнат шартномасига қонунга зид банд киритгани учун танқид қилгани Ғ.Султоновнинг иззат-нафсига теккан ва ходимасини ишдан бўшатиш ҳаракатида бўлган.

Журналист ўз раҳбарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан судга мурожаат қилишни лозим топганини билдирди.

“Озодлик” радиосининг Бухородаги ҳамкори Басира воқеа тафсилотларини ўрганиш учун телерадиокомпанияда бўлди.

Басиранинг маълум қилишича, Ғ.Султонов унга мазкур иш юзасидан маълумот беришни рад этган. Кейин эса унга дағдаға қилган ва иш қуролларини тортиб олиб, бинодан чиқариб юборган.
XS
SM
MD
LG