Линклар

logo-print

Ҳозирги сиёсий тузумнинг кушандаси - қалбакилик

  • Садриддин Ашур

6 ноябрь куни “Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзолари матбуот анжумани ўтказди. Унда партиянинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловини бойкот қилишга қаратилган баёноти эълон қилинди.

Матбуот анжуманида ЭДПнинг Ўзбекистонда сайлов кафолатлари тўғрисидаги баёноти ўқиб эшиттирилди. ЭДП бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқдан тобора узоқлашиб, ишончни йўқотиб бормоқда. Фуқароларнинг сайловдан ҳафсаласи пир бўлган. Бугунги кунда Ўзбекистондаги сиёсий кўриниш бир неча қўғирчоқ партиядан бошқа жонзот бўлмаган саҳрони эслатади.

“Бундай сиёсат узоқ давом этиши мумкин эмас. Аминмизки, ҳозирги сиёсий тузумнинг кушандаси қалбакилик бўлади. Буларнинг энг катталаридан биттаси сайловдаги қалбакиликдир. Бу қачондир ўз кушандалик вазифасини бажариши керак”, деди О.Орипов.

Бош котибнинг айтишича, бўлажак сайловда адолат талаб қилиш фойдасиз. Чунки ҳукумат барибир ўзи истаган номзодни депутатликка сайлаттиради. “Эрк” партияси ташаббус гуруҳлари ташкил этишга рухсат берилгани ҳам сиёсий ўйин эканини олдиндан билган. Лекин партиянинг буни англамаган айрим фаоллари ташаббус гуруҳлари орқали ўз номзодини қўйишига рухсат берилган.

О.Ориповнинг таъкидлашича, бугунги кунда “Эрк”нинг 60 мингга яқин аъзоси бор. Улар партия марказий кенгашининг сайловни бойкот қилиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлаши табиий. Аслида халқ сайловга бойкот эълон қилиб бўлган. Фуқароларнинг кўпчилиги тирикчилик мақсадида хорижга чиқиб кетган. Шу боис, ҳукумат сайловда 33 фоиз сайловчи қатнашса, у қонуний бўлишини белгилаб қўйган. Илгари сайлов қонуний бўлиши учун ҳеч қачон бундай паст фоиз белгиланмаган эди.

Матбуот анжуманидан сўнг ЭДП марказий кенгашининг пленуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон бозорларида вужудга келган кескин вазият, қамоқхоналардаги сиёсий маҳбуслар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
XS
SM
MD
LG