Линклар

Мардикорлар: “Бизнинг депутатларга керагимиз йўқ”.


Ишонч “Озодлик” мухбири Тошкентдаги мардикор бозорларида бўлиб, мардикорларнинг декабрь ойида ўтказилажак парламент сайловига муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди. Мардикорларнинг сўзларига қараганда, уларнинг парламент сайловидан хабари йўқ. Чунки улар эрта тонгдан кечқурунгача тирикчилик илинжида бўлади.

Мардикорларнинг баъзилари шўро даврида сайловларга боргани, кейин эса эса умуман қатнашмаганини билдирди. Бошқалари эса бундай сайлов уларни қизиқтирмаслигини маълум қилди.

“Биз қандай манфаат кўряпмиз сайланган одамлардан! Сайлаймизми-сайламаймизми, бизнинг уларга керагимиз йўқ. Шунинг учун ўзларини ўзлари сайлайверсин”, деди мардикорлардан бири.

Мардикорлар амалдаги депутатлардан бирортасини танимаслиги, чунки улар халқ билан мулоқот қилмаслигини таъкидлади.

“Ҳозир депутатлар катта-катта корхоналарни, ерларни ўзлаштириш билан банд. Уларнинг ҳашаматли уйлари, машиналари бор. Одамлар билан нима иши бўларди бундайларнинг”, дейди мардикорлар.

Мардикорлар депутатлар халққа иш жойлари яратиши, ўз юртида эркин юришини, иш ҳақлари ўз вақтида берилишини таъминлаши лозимлигини билдирди.

Уларнинг таъкидлашича, илгари кишиларнинг шикоятлари Москвага етиб борарди, энди эса Олий Мажлисга ҳам, Оқсаройга ҳам етиб бормаётир.
XS
SM
MD
LG