Линклар

Қип-қизил қон эвазига терилган оппоқ пахта


Фирдавс Қашқадарё давлатга пахта сотиш шартномавий режасини бажарганига қарамай, вилоят далаларида пахта терими ҳали ҳам давом этмоқда. Бу жараёнда теримчи ҳашарчилар орасида ўлим ҳолатлари содир бўлаётгани ҳақида хабарлар бор.

Маълумотларга қараганда, 24 октябрь куни Шаҳрисабз шаҳридаги 4-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Актам Бобоев пахта даласида вафот этган. Бу пайтда у ва мактабдошлари Муборак туманидаги 31-ширкат хўжалиги далаларида теримда иштирок этаётган эди.

А.Бобоевнинг онаси Шаҳри Алламуродованинг сўзларига кўра, ўғли илгари соғлиғидан шикоят қилмаган. У шу вақтгача фарзандининг нима сабабдан ўлгани ҳақида маълумот ололгани йўқ.

“Актамнинг ўлими сабаблари хусусида турли гаплар тарқалган. Мен унинг касал бўлиб ўлганидан кўра, калтакланиб ўлдирилганига кўпроқ ишонаман. Чунки мурда уйга олиб келинганида унинг юзларида жароҳат излари бор эди. Бошлари, қоши ёрилганди”, деди Ш.Алламуродова.

Вилоятда терим билан боғлиқ яна бир ўлим 3 ноябрь куни юз берди. Қарши давлат университети физика факультети талабаси Мурод Хидирназаров ўз уйида жонига қасд қилди.

Марҳумнинг акаси Сарвар Хидирназаровнинг таъкидлашича, укаси пахта теримига тўлиқ қатнашмаган. Талабалар дарсга қайтгач эса унга ўқишдан ҳайдалишини айтишган. Бу эса Муродга қаттиқ таъсир қилган.

“Дастлаб укам пахтага борган эди. 4-курс талабалари ургани учун қочиб келди. Кейин яна бориб, ўрнига бошқа кишини қўйиб қайтди. Кеча дарсга борганида декани унинг ўрнига борган йигит қочиб кетгани, шунинг учун у ўқишдан ҳайдалишини айтган”, деди С.Хидирназаров.

Университет физика факультети декани ўринбосари Амин Маллаев М.Хидирназаровнинг ўлимига пахтанинг алоқаси йўқлигини билдирди. Унинг айтишича, талабани пахтага бормагани учун ўқишдан ҳайдаш қонунда йўқ. М.Хидирназаровга ҳеч ким ўқишдан ҳайдалишини айтмаган. Бу ҳақда буйруқ ҳам чиқмаган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг маълум қилишича, вилоятда пахтага бормаган талабани ўқишдан ҳайдаш амалиёти қўлланилади. Бу ҳақдаги буйруққа талаба пахтага бормагани учун эмас, балки ўқув муассасаси билан алоқани узгани сабабли ўқишдан ҳайдалгани ёзилади.

Қашқадарё вилояти давлатга пахта топшириш режасини октябрь ойи ўрталарида бажарган ва режага қўшимча 50 минг тонна пахта етказиб бериш мажбуриятини олган эди. Мажбурият ноябрь ойи бошларида уддаланди.
XS
SM
MD
LG