Линклар

logo-print

Журналист огоҳлантирилди, ҳуқуқ ҳимоячиси қамалди


Фирдавс Хабарларга қараганда, 5 ноябрь куни қашқадарёлик мустақил журналист Тўлқин Қораев милиция томонидан уч марта ушлаб кетилган ва қўйиб юборилган. Шу куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Т.Қораевнинг сўзларига кўра, 5 ноябрь куни эрталаб соат 9 ларда уйидан чиққанида бир неча милиционер участка инспектори Эшдавлат Эштемиров бошчилигида уни машинага ўтирғизиб аввал шаҳар милициясига, сўнг эса шаҳар тадбиркорлар палатасига олиб борган. Уни шаҳарлик савдогарларнинг бир неча кун аввал бўлиб ўтган норозилик чиқишини уюштиришда айблашган.

“2 ноябрь куни бир гуруҳ тадбиркорлар вилоят ҳокимлигига келиб, ҳукумат томонидан чиқарилаётган қарорларга норозилик билдирган эди. 1 ноябрь куни мен бозорда тадбиркорлардан интервью олган эдим. Шунга асосланиб мени акция ташкилотчилигида айблашмоқда. Аслида бунинг бошқа сабаблари бор. Менга илгаридан тиш қайраб келинади. Милиция томонидан содир этилаётган кўплаб жиноятларни радиода, Интернетда фош қилганман. Шунинг учун имкон топилганда жазо бериб қолишга ҳаракат қилиняпти”, деди Т.Қораев.

Маълум бўлишича, тушки соат биргача милиция назоратида бўлган Т.Қораев уйига қайтиб келган ва бироз ўтиб яна кўчага чиққан. Бу сафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни ҳамроҳлари билан бирга милиция таянч пунктига олиб кетган.

Т.Қораев билан биргаликда ушлаб кетилган Асадулла Ортиқовнинг айтишича, милиция ходимлари ўзларини таништирмаган. Улар фақат Т.Қораевникига нима мақсадда келганини сўраган. 1-1,5 соатлардан сўнг ушланганлар қўйиб юборилган.

Шу куни диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган “Форум-18” халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мухбири Игорь Ротор Қаршига келган эди. Тунги соат 12 ларда эса Т.Қораев ва И.Роторни милиция олиб кетди.

“Бизни ушлаб, милицияга олиб кетилишимиз тасодифий эмас. Бу бизни кузатишаётганидан, менинг Қаршида диндорлар билан учрашишимга халақит қилишдан бошқа нарса эмас”, деди И.Ротор.

5 ноябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ёдгор Турлибеков ҳам милиция томонидан қўлга олинди ва 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қарши шаҳри милицияси бошлиғи Сафар Сармоновнинг маълум қилишича, Т.Қораев норозилик акцияси ташкил этгани тўғрисида фактлар бор. Милиция журналистни қамамоқчи эмас, огоҳлантирган, холос. Ё.Турлибеков эса “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда гумон қилинган шаҳрисабзлик 16 фуқаро устидан суд жараёни тугамай туриб, уларнинг яқинларини пикетга олиб чиққан. Бу қонунга зид бўлгани учун Ё.Турлибеков 15 кунга қамалган.
XS
SM
MD
LG