Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:25

Қирғизистонда мухолиф кучлар бирлашмаси тузилди


Қирғизистонда “Жани бағит” — “Янги йўналиш” сиёсий мухолиф ҳаракати тузилди. Бу ҳаракат таркибига Қирғизистонда кўзга кўринган 15 нафар сиёсатчи ҳамда жамоат арбоби, Жўғорқу Кенеш депутатлари кирди. Ҳаракат аъзоларининг айтишича, асосий мақсад — мамлакатда конституция устиворлигини таъминлаш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш ва коррупцияга барҳам беришга эришишдир. Жамоатчиликда бу ҳаракатнинг эртасига умид билдираётганлар ҳам, унга ҳавфсаласизлик билан қараётганлар ҳам бор. Боиси, айни ҳаракат шу йилда Қирғизистондаги сиёсий партиялар ўртасида ташкил этилган тўртинчи йирик сиёсий бирлашмадир.

Хабарингиз бор, шу йил январ ойида Қирғизистоннинг олтита мухолиф партияси бирлашиб, “Халқ ҳукумати учун” номи остида сиёсий бирлашма ташкил қилган эди. Май ойида мамлакат хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мисир Аширқулов бошчилигида “Адолатли сайловлар учун” деб номланган фуқаролик бирлашмаси, сентябр ойига келиб эса тўққизта мухолиф партия иштирокидаги “Қирғизистон халқ ҳаракати” бирлашмаси ташкил этилди. 5 сентябрда бу бирлашма биринчи таъсис қурултойини ўтказиб, собиқ бош вазир Қурманбек Бакиевни раҳбар этиб тайинлади. У эса бўлажак сайловда Президентликка номзодини қўйишини билдирди.

Мана энди яна бир сиёсий ҳаракат тузилди. “Жани бағит” мухолиф ҳаракати таркибида мамлакатнинг 15 нафар кўзга кўринган сиёсатчилари бор. Муҳими, уларнинг аксарияти собиқ давлат арбобларидир. Собиқ давлат котиби Ишенбай Абдураззақов, собиқ Ташқи ишлар вазири Муратбек Иманалиев, Президент кенгашининг собиқ аъзоси Солижон Жигитов, собиқ Молия вазири Султон Медеров шулар жумласидандир.

“Жани бағит” сиёсий мухолиф ҳаракати ташкилотчиларидан бири, “Ҳақиқат жана прогресс” сиёсий партияси раиси Муратбек Имоналиевнинг билдиришича, ўз таркибига Қирғизистон мухолифатининг йирик вакилларини бирлаштирган ҳаракат сайловолди бирлашмаси сифатида ташкил этилмаган.

“Бу сиёсий мухолифат ҳаракати. Бироқ, радикал бирлашма эмас. Биз ҳукуматни танқид қиламиз, качмиликларини гапирамиз, яхши ишларини олқишлаймиз. Энг катта мақсадимиз эса иккита. Биринчиси, Қирғизистонда элни бирлаштириш, муҳитни янгилаш. Иккинчи мақсадимиз, Қирғизистон учун янги йўл, янги бир йўналиш яратишдир”.

Муратбек Имоналиев фикрича кўра, мамлакатда янги жараёнларни бошлаш учун халқни ягона бир ғоя атрофида бирлаштириш лозим. Ҳаракат аъзолари бу ғояни “Кучли демократик Қирғизистон” деб номлади ва бундан буён қирғизистонликларни алоҳида шахслар эмас, мана шу ғоя атрофида бирлашишга тарғиб қилмоқчи.

Қирғизистон жамоатчилиги катта мақсадларни олдига қўйган ушбу ҳаракатга нисбатан турлича муносабат билдирмоқда. Жумладан, “Менинг ўлкам” партияси етакчиларидан бири Қурманбек Дийқанбоевнинг “Озодлик” радиоси қозоқ хизматига айтишича, бундай ҳаракатнинг ташкил этилиши кутилган эди.

“Ҳукуматни қонуний тарзда ўзгартирамиз, халқнинг турмуш шароитини яхшилаймиз, деган ҳаракатларнинг ташкил этилгани яхши. Зиёлиларнинг етакчи қатлами, сиёсатчилар бундай вақтда жим ўтириши керак эмас. Парламент, Президентлик сайловлари яқинлашаяпти. Ҳукумат учун курашиш керак”.

Айрим сиёсатчилар эса “Жани бағит” ҳаракати келажагига ишончсизлик билан қарамоқда. Жўғорқу кенешнинг қонун чиқарувчи кенгаши депутати Темир Сариев шулар жумласидан.

“Кейинги вақтларда бир тўп партия ҳар хил бирлашмалар тузиб, сиёсий ўйинлар қилаяпти. Бироқ, аслида бу партияларнинг ортида ҳеч қандай куч йўқ. Шунинг учун улар тузган бирлашмалар ортида ҳам жиддийроқ ижтимой база йўқ. Халқ эса уларнинг мақсадларини тузук-қуруқ англай олмаяпти ҳам”.

Бундай муносабатларга жавоб тариқасида “Жани бағит” сиёсий мухолиф ҳаракати ташкилотчиларидан Муратбек Иманалиев бундай билдирмоқда:
“Бизнинг ортимизда турган энг катта куч — халқ ишончи, халқ мададидир. Биз шунга яраша ҳаракат қилишимиз керак. Кўпроқ ишлашимиз керак”.

Ҳозирда “Жани бағит” ҳаракати ўзининг биринчи таъсис қурултойини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Айни қурултойда у ўзининг иқтисодий дастурини эълон қилади.
XS
SM
MD
LG