Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафтада марказий нашрларда сайлов олдидан ўтказилаётган тадбирлар, халқаро учрашув ва давра суҳбатлари ҳақидаги мақолалар чоп этилди. Сиёсий партиялар нашрларида ҳам партиялар фаолияти, жаҳон сайлов тажрибаси намуналари, тегишли партияларнинг кўзга кўринган аъзолари билан суҳбатларга кенг ўрин берилди. Газеталар саҳифаларидаги Ўзбекистон ижтимоий ҳаётига оид бир неча мақолалар диққатни тортади.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 2 ноябрь кунги сонида Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Қуддус Аъзамовнинг “Миллий либос – маданиятимиз рамзи” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф ўзбек халқининг миллий либоси ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этиб, менталитетга мос келмайдиган кийимлар кийиш жамиятда носоғлом муҳитни туғдириши мумкин, деган хулоса чиқаради. Мақола давомида муаллиф либосдан бошқа муаммога ҳам эътибор қаратиб, жумладан, бундай ёзади: “Уят бўлса ҳам айтишга тўғри келади, бугун Ғарбда оммалашаётган айрим хурмача “одат”ларни инсонийликка батамом зид амаллар сифатида талқин қилиш мумкин. Бундай ҳолатлар мусулмончилик, шарм-ҳаё, ор-номус руҳида тарбия топган бизнинг жамиятимиз кишиларини ларзага солиши, катта норозиликларга сабаб бўлиши аниқ. Ўзларини инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис ҳисоблаган баъзи бир кимсалар демократия ва инсон эркинлиги байроғи остида бизга ана шундай номақбул одатларни олиб киришга уринаётгани билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди”.


“21-аср” газетасининг 4 ноябрь кунги сонида чоп этилган Иқбол Қўшшаеванинг “Хўрозқанднинг баҳоси қанча?” сарлавҳали мақоласида хусусий киностудиялар томонидан тасвирга олинаётган фильмлар ҳақида сўз боради. Муаллифнинг ёзишича: “Санъатнинг пулга, ҳавойи томошабинга тобеълиги оқибатида бадиий дид, савия масаласи бугунги куннинг энг оғриқли нуқталарига айланяпти. Кейинги бир йил ичида Алишер Навоий номидаги санъат саройида Рустам Саъдиевнинг “Муҳаббат синовлари”, Жаҳонгир Қосимовнинг “Тақдир”, яна қандайдир режиссёрларнинг “Сарвиноз”, “Кўзларинг маъюс”, “Хавфли бурилиш”, “Маржона” ва бир гуруҳ қизиқчи-қўшиқчилар ижросидаги фильмлар намойиш қилинибди. Мутахассисларнинг фикрича, ҳар ойда камида иккита янги фильм премъераси бўлаётган экан. Бу фильмларни кузатиб туриб, бир санъаткорнинг: “Булар кино эмас, бало, офат, булар орқали келаётган миллионлар ортида фақат йўқотилаётган, бой берилаётган авлодни кўриш мумкин”, дея куюнишида озми-кўпми ҳақиқат яширинганлигига амин бўласиз”.


“Моҳият” газетасининг 5 ноябрь сонида Дамин Жумақуловнинг “Ишонч лаззати ва аччиқ ҳақиқат” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда муаллиф Ўзбекистонда ривож топаётган одам савдоси муаммосига кенг тўхталади ва бу борадаги статистик маълумотларга мурожат қилади: “Саъй-ҳаракатларга қарамай, уларнинг сони ўтган йиллар давомида анча ошган. Масалан, 2002 йилда одамларни ёллаш ҳолати бўйича 30 нафардан ортиқ шахсга нисбатан 19 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 2003 йилда 100 нафардан ортиқ шахсга нисбатан 81 та жиноят иши қўзғатилган. Жабрланганларнинг аксарияти Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил, Баҳрайн, Малайзия давлатларига олиб борилиб, фоҳишалик қилишга мажбур этилган. Мазкур жиноятлар, айниқса, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кўплаб қайд этилмоқда”.

Газетада чет элга бориш таклиф қилинганда ёки чет давлатда мушкул аҳволга тушиб қолганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳам маслаҳатлар берилган. Шунингдек, ушбу жиддий вазият юзасидан тўлиқроқ маълумот олишни хоҳлаганлар ҳамда қайтиб келиб ёрдамга муҳтож бўлганлар учун тезкор алоқа тармоқлари рақамлари келтирилган.
XS
SM
MD
LG