Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:21

Ўзбекистонда одамфурушларга қаттиқ жазо берилмайди


Саида 8 ноябр куни Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этган “Одамлар савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши биргаликдаги ҳаракат” мавзуида икки кунлик семинар иш бошлади.

Тадбирда иштирок этган Ҳиндистон руҳий саломатлик жамияти директори Ражат Митра бу турдаги жиноятларга қарши курашда ўз мамлакати тажрибаси ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, у йиғилганларни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳукуматнинг бу борадаги ҳамкорлигига оид энг яхши халқаро тажрибалар билан таништирди.

Таъкидлаш керакки, бу каби тадбирлар Ўзбекистонда тез-тез ўтказиб турилади. Бу эса мазкур мамлакатда ҳам одам савдоси анча долзарблигидан дарак беради.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар юзсидан бир неча тадқиқотлар ўтказган журналист Дилором Раҳимованинг сўзларига қараганда, ўзбекистонликлар, хусусан, аёлларнинг хорижга кетиб ишлашига бир қанча объектив ва субъектив сабаблар бор. Хусусан, мамлакатдаги иқтисодий муаммолар кишиларни четга кетишга мажбур қиляпти.

”Истиқболли авлод” маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари Назифа Камолованинг таъкидлашича, марказнинг ишонч телефонига бўлаётган мурожаатлар мамлакатда одам савдоси қурбонлари кўплигидан дарак беради. Бироқ хорижга кетганларнинг барчаси ҳам мазкур жиноят қурбонига айландаи, деб тушунмаслик керак.

Н.Камолованинг билдиришича, шу кунгача марказ томонидан одам савдоси қурбони бўлган жиззахлик уч аёл ўз юртига қайтарилган. Бу жиноят қурбонларининг асосий қисми Бирлашган Араб Амирликлари ҳиссасига тўғри келади.

Прокуратура ходимларидан бирининг айтишича, Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғуланувчиларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари кўп кузатилмайди. Зеро, жиноят қурбонининг бевосита иштирокисиз бундай жиноятчиларни судга тортиш жуда қийин.

Қорақалпоғистон хотин-қизлар жамияти ҳамраисаси Клара Ўтибергенова шу кунгача Қорақалпоғистонда одам савдоси билан шуғулланган икки шахс устидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

“Бироқ уларга бериладиган жазони алданиб қолганлар кўрган азобга солиштириб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистон қонунчилигида бу иш билан шуғулланувчиларга нисбатан оғирроқ жазо қўлланиши кўрсатилган бошқа модда киритилишига эришиш керак”, деди К.Ўтибергенова.

“Истиқболли авлод” маркази одам савдоси қурбонларини ўз юртига қайтариш ва уларга руҳий кўмак бериш бўйича иш олиб боради. Марказ раҳбари Нодира Каримованинг маълум қилишича, шу кунгача марказ йигирмага яқин аёлнинг юртига қайтарилишида иштирок этган. Марказга бу ишда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар ёрдам беряпти. Асосий мақсад ўзбекистонликларнинг депорация қилиниш жараёнларига улар чиқариб юборилаётган давлатларнинг ҳам бевосита кўмак беришига эришишдир.
XS
SM
MD
LG