Линклар

logo-print

Ўқитувчининг уйидан кўра пахта муҳимроқ


Октябрь ойи ўрталарида Наманган вилояти Поп туманининг Хўжаобод қишлоғидаги 7-ўрта мактаб ўқитувчиси Ҳилола Абдураҳимованинг уйи куппа-кундуз куни ёниб кулга айланди. Хонадон аъзоларига тегишли бирорта шахсий буюмни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Маълум бўлишича, Ҳ.Абдураҳимова 1,5 ёшли фарзанди касал бўлгани сабабли пахта теримига чиқа олмаслигини айтганига қарамай, мактаб раҳбарияти уни пахтага чиқишга мажбурлаган. Раҳбарият ҳокимликдан қаттиқ топшириқ бўлганини, бу мавсумда касаллик варақалари ҳисобга олинмаслигини билдирган.

Ҳ.Абдураҳимованинг опаси Камола Абдураҳимова ҳам 7-мактабда ишлайди. Унинг сўзларига қараганда, раҳбарият мажбур қилганидан сўнг синглиси касал гўдагини вояга етмаган бошқа фарзанди билан уйда қолдириб, теримга чиқиб кетган, лекин ҳаво совуқ бўлгани сабабли газни ўчирмаган. Соат кундузги 11 ларда газ босими кутилмаганда кўтарилиб кетиши оқибатида ёнғин содир бўлган. Уй бутунлай ёниб кетган. Болаларни эса амакиси қутқариб қолган.

К.Абдураҳимованинг таъкидлашича, уй ёниб кетгандан сўнг у синглиси билан ёрдам сўраб туман халқ таълим бўлимига борган. Ўқитувчиларни пахтага чиқаришга мажбур этмаганини рўкач қилган бўлимдагилар фақат туман ҳокимлиги уйни тиклашда ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

“Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдуқодир Назаров: “Нима қилибди уйинг ёнса, одам ўлмаган-ку, ахир. Ношукр бўлма”, деди. Биз ношукрлик қилмаётганимиз, ойлигимизни ҳам август ойидан буён олмаганимизни айтдик. У ҳозир ҳашарчилар билан бандлигини баҳона қилди”, дейди К.Абдураҳимова.

Поплик мустақил кузатувчи Ҳайитғофир Қўзиевнинг маълум қилишича, тумандаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу воқеадан вилоят ҳокимлигини хабардор этган. Лекин ҳокимлик вакиллари бу ҳақдаги мурожаатга ҳали ҳам эътибор қаратгани йўқ.

К.Абдураҳимованинг билдиришича, пахта кампанияси вақтида кўпчилик ўртасида обрўга эга бўлган ўқитувчилар, ҳатто мактаб директорлари терим билан боғлиқ турли сабаблар билан ишдан бўшатиб юборилган. Масалан, тумандаги 36-мактаб директори терим муҳокама этиладиган йиғинларга бормагани учун ишдан бўшатилган.

Туман ҳокими биринчи ўринбосари А.Назаров пахта теримига ҳеч ким мажбурлаб чиқарилмаётгани, аксинча ҳамма қалб амри билан теримга бораётганига, ҳеч бир ўқитувчи ноқонуний равишда ишдан бўшатилмаганига ишонтиришга ҳаракат қилди.

“Ҳ.Абдураҳимованинг ёниб кетган уйи масаласини пахта кампаниясидан сўнг ўйлаб кўрамиз”, деди А.Назаров.
XS
SM
MD
LG