Линклар

Туркманистонда амнистия қўлланилиб, 9 минг маҳбус озодликка чиқарилди.

  • Барно Анвар

Яқинда Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов имзолаган амнистия тўғрисидаги фармонга биноан мамлакат Бош прокуратураси 9 минг маҳбусни озодликка чиқарди. Амнистия мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси кечаси кутиладиган “Қадр кечаси” муносабати билан эълон қилинди. Ўтган йили худди шу муносабат билан 7 минг маҳбус озод этилган эди. Туркманистон Бош прокуратураси берган маълумотга кўра, мамлакат мустақиллигининг 12 йили давомида тахминан 130 минг маҳбус амнистия туфайли озод қилинган. Савол туғиладики, йилига 7 минг- 9 минг озод этилиб турган бўлса, Туркманистон қамоқхоналари нега бўшаб қолмайди? Ҳамкасбимиз Нодиранинг бугунги лавҳаси шу ҳақда.

1999 йил, 22 декабрда Туркманистонда “Ҳар йили “Қадр кеча”си муносабати билан амнистия ва авф эълон қилиш тўғрисида” қонун қабул қилинган. Айни қонунга мувофиқ бу йил 9 минг маҳбус озод этилди. Улардан 150 нафарини хориж фуқаролари ташкил этади. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда.
Туркманбошининг ўзи мамлакат парламенти — Халқ маслаҳатининг шу йил 24 октябр кунги йиғилишида сўзлаган нутқида мамлакат қамоқхоналарида 15 минг минг маҳбус борлигини айтган эди.
“Ҳозир 15 мингдан зиёд маҳбус қамоқда ўтирибди. Шулардан 9 мингини қамоқдан озод қилишга қарор қилдик. Улар Оллоҳ насиб этса, 9 ноябр куни “Қадр кечаси”да озод қилинади”.
Амнистия қилинган маҳбуслар ва уларнинг яқинлари “Озодлик” радиосининг туркман хизмати мухбири билан суҳбатда, энг аввало, Туркманбошига ташаккур билдиришди.
“Ҳурматли Президентимиз менинг отамни қамоқдан озод этди. Бунинг учун буюк сардоримизга раҳмат. Ҳамма гуноҳларига тавба қиламиз, тавба қиламиз”.
“Мен Оллоҳ йўл берса, қайтиб бу йўлга юрмайман. Энди ҳаётимни бошқадан бошлайман”.
“Мен жиноят йўлига кириб, икки фарзандим, яқинларимдан айрилган эдим. Буюк сардоримиз марҳамати билан яна яқинларимиз олдига қайтаяпман. Минг раҳмат”.
Шу ўринда айтиш жоиз, озод этилганларнинг барчаси енгил жиноят содир этганлардир. Улар орасида аёллар ҳам бор. Амнистия тўғрисидаги қонунга биноан қасддан жиноят содир этиш, қотиллик, зўрлаш, наркотик моддалар контрабандаси билан айбланганларга амнистия қўлланилмайди. Шунингдек, жосуслик, мамлакат президентига суиқасд, ватанга хиёнатда айбланганлар ҳам амнистия қилинмайди.
Ўтган йили шу куни Рамазон ойининг “Қадр кечаси” олдидан 7 минг маҳбус озод қилинган эди. Мамлакат Бош прокуратураси хабарига кўра, Туркманистон мустақиллигининг 12 йили давомида тахминан 130 минг одам амнистия қилинган.
Шу ўринда йилига 7 – 10 минг маҳбус амнистия қилиб турилса, мамлакат қамоқхоналари бўшаб қолмасдими, деган савол туғилади. Шу саволга Очиқ жамият институтининг Туркманистон бўйича лойиҳаси директори Эрика Дейли бундай дейди:
“Бизда тўпланган маълумотларга кўра, кўп ҳолҳолларда ҳисбга олиш қонун доирасида бўлмайди. Йилига 7-9 минг одам амнистия қилинади. Бироқ йилига, эҳтимол, бундан кам бўлмаган миқдорда одамлар қамоққа ҳам олинади. Жиддий айб қўйилмаган ва айби исботланмаган маҳбуслар кўп. Шу боис, Туркманистон қамоқхоналари яна тўлиб тураверади”.
Бундан бироз вақт муқаддам Халқаро Хелсинки Федерацияси раҳбари Аарон Родес ҳозир Туркманистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларнинг аниқ сони маълум эмаслигини ва айни вақтда буни аниқлаш имкони ҳам йўқлигини эътироф этган эди. Мустақил кузатувчиларнинг маълумотларига кўра эса, ҳозирда Туркманистонда ҳар 100 минг одамга 490 та маҳбус тўғри келади.
Очиқ жамият институтининг Туркманистон бўйича лойиҳаси директори Эрика Дейлининг сўзларига кўра, фуқароларни қамоққа олиш-қамоқдан чиқаришнинг бундай “анъанаси”, энг аввало, Туркманистон қамоқхоналар тизими маъмурияти ташаббуси билан бўлмоқда. Суҳбатдошимизнинг айтишича, амнистияга эришиш учун маҳбуслар маълум миқдорда пора беришга мажбур.
“Бу Туркманистон қамоқхоналарида коррупциянинг авж олишига имконият яратаяпти, холос. Маҳбус пора берибгина амнистияга илиниши мумкин. Бироқ бизни бошқа масала кўпроқ ташвишга солмоқда. Қамоқдан чиқиб бораётган маҳбусларнинг деярли ҳаммаси юқумли касалликлар, айниқса, сил касалига чалинган. Уларда озодликка чиқиб даволаниш имконияти йўқ. Аксинча, атрофдаги соғлом одамларга юқтиришлари мумкин”.
Эрика Дейлининг сўзларига кўра, мамлакатда шусиз ҳам юқумли касалликларнинг тарқалиши кузатилмоқда. Йилига 5-10 минг одамни қамоқхонага қўйиш-чиқариб юбориш тажрибаси вазиятни янада оғирлаштиради. Энг аянчлиси — бундай юқумли касалликларни шифокорлар ташҳис варқаларида қайд этолмайдилар.Чунки бу — таъқиқиланган, дейди суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG