Линклар

ХДПнинг матбуот хизматига кўз тегмасин

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда сайловолди кампанияси энг қизғин паллага кириб боряпти. Шунга қарамай, рўйхатдан ўтган барча партиялар матбуот хизматлари ҳам журналистлар билан яқин мулоқотга киришишга ҳаракат қиляпти, деб бўлмайди.

12 ноябрь куни партиялар ва ташаббус гуруҳларидан номзодлар кўрсатиш тўхтатилади. Шу боис, айни пайтда партиялар ўз номзодларни сайлов комиссияларида рўйхатдан ўтказиш ишлари билан машғул. Бу жараённинг ошкора ва эркин ўтказилиши кўп жиҳатдан партиялардан ахборот олиш имконияти қай даражада эканига боғлиқ.

“Озодлик” мухбири партиялардан тезкор ва объектив ахборот олишнинг бугунги кундаги аҳволини ўрганишга ҳаракат қилди.

Мухбир дастлаб “Фидокорлар” партияси раҳбари қабулхонаси билан боғланди. Партия марказий кенгаши биринчи котиби Аҳтам Турсунов “Фидокорлар”да матбуот хизмати борлигини таъкидлади.

Мухбир партия раҳбари билан партиянинг дастури ва сайловдаги иштироки ҳақида суҳбат қилиш ниятида эканини айтганда эса А.Турсунов бунинг иложи йўқлигини билдирди.

“Ҳозир суҳбат уюштиришга бир секунд ҳам вақт йўқ. Чунки 11 ноябргача партиядан кўрсатилган номзодларнинг ҳужжатларини сайлов комиссиясига тоширишимиз керак. 15 ноябргача безовта қилиб ўтиришингизнинг фойдаси йўқ”, деди А.Турсунов.

Демак 15 ноябргача “Фидокорлар” партияси эшикларига бош уриб, интервью олишга уриниш фойдасиз.

Бироқ Халқ демократик партиясига боғланиб, бутунлай бошқача вазиятга дуч келиш мумкин. Зеро, партия матбуот хизматидаги уч ходим иложи борича журналистлар билан яхшироқ муомалада бўлишга интилмоқда.

ХДП матбуот хизмати раҳбари Акбар Жонузоқов фақат маҳаллий эмас, балки хорижий журналистларга ҳам улар қизиқтирган маълумотларни етказиб беришга ҳаракат қилишини билдирди. У ХДП раҳбари билан истаган пайтда партия фаолияти ёки бошқа мавзуларда мулоқот уюштириб беришга имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

“Адолат” партияси котиби Равшан Ҳайдаров ҳозир партиянинг иши жуда кўплиги ва ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига топшириш билан овора эканини, шунинг учун журналистлар билан бемалол суҳбат ўтказиш имконияти йўқлигини маълум қилди.

Р.Ҳайдаров партия қурултойига хорижий ОАВ вакиллари таклиф этилмагани сабабларига ҳам тўхталди.

“Биз ҳеч кимга “келма” деганимиз йўқ. Келганларнинг барчаси қурултойимизга қатнашди. Биз маҳаллий телевидение ва марказий газеталар журналистларини расман таклиф қилдик. Қолганлар ўзлари келди”, деди Р.Ҳайдаров.

Табиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал демократик партияси мониторинг бўлими мудири Абдулазиз Абдуллаевнинг билдиришича, партиянинг матбуот хизмати ташкил этилмаган. Шунга қарамай, маҳаллий ва хорижий журналистлар учун ҳар қандай масала бўйича партия эшиклари очиқ.

А.Абдуллаев партия раҳбари билан суҳбат уюштириш учун саволларни олдиндан ёзма тарзда тайёрлаб жўнатиш кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG