Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:47

“Озод Ўзбекистон” иш бошлади


Феруза Яқинда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид маълумотлар берувчи www.ozoduzbekistan.com Интернет сайти ўз фаолиятини бошлади. Сайт маълумотларни инглиз ва рус тилларида тарқатади.

Сайтда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаёт билан боғлиқ вазият хусусида таҳлилий-танқидий мақолаларга кенг ўрин берилмоқда. Унинг 8 ноябрь кунги саҳифасидан “Озод деҳқонлар” партиясининг ўзбекистонликларга мурожаати, Руслан Шариповнинг АҚШ Президенти Жорж Бушга мактуби, “Эрк” демократик партиясининг баёноти, шунингдек, Ўзбекистон ҳақида “Вашингтон пост” газетасида чоп этилган мақола ўрин олган.

Таъкидлаш керакки, www.ozoduzbekistan.com каби йўналишга эга сайтлар бир нечта. Журналист Эльмира Ҳасанованинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар, мамлакатдаги асл вазият ҳақидаги ишончли ва ҳаққоний маълумотларни фақат Интернетдан олиш мумкин. Бироқ бу турдаги материалларга эга сайтлардан фойдаланишга тўсиқ қўйилади. www.ozoduzbekistan.com ни ҳам шундай тақдир кутади. Аммо бу йўл билан ахборот тарқалишига чек қўйиб бўлмайди.

Сўз ва фикр эркинлиги қўмитасининг “Арена” сайти Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги муаммоларини ёритиб боради. Ўзбекистон Интернетида бу сайт очилмайди. Унга тўсиқ қўйилган.

Қўмита ва сайт раҳбари Инера Сафаргалиеванинг айтишича, “Арена” ишга тушгач, бор-йўғи бир ҳафта давомида унга бемалол кириш мумкин бўлган. Кейин эса унга тўсиқ қўйилган. Бироқ ҳукуматнинг сайтга қўллаётган бу усули ўзини кўп ҳам оқламайди. Чунки “Арена”даги материалларни бошқа сайтлар ҳам кўчириб босмоқда. Қолаверса, мавжуд прокси хизматлар орқали ҳар қандай сайтга кириш мумкин.

И.Сафаргалиеванинг таъкидлашича, ҳукуматнинг сайтларга тўсиқ қўйиши ўзини оқламайди. Зеро, зийрак ўқувчи воқелик ва афсонани дарров фарқлаб олади. Янги очилган www.ozoduzbekistan.com сайтини нима кутаётганини эса вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG