Линклар

Ҳокимнинг матбуот хизматидан дод дейинму, вой дейинму


Шайбон

Ўзбекистондаги айрим идора ва ташкилотлар матбуот хизматларининг ишлари кўнгилдагидек эмаслиги уларга мурожаат этиб турадиган журналистларга жуда яхши билади. Аслида вазифаси мурожаат этган шахсга ахборот бериш бўлган бу хизматлар вакиллари баъзида қўпол муомаласи билан қорни катта амалдорларни ҳам бир чўқишда қочиради.

Яқинда маълумот сўраб Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилган “Озодлик” мухбири шундай ҳолатга дуч келди. Телефон гўшагини кўтарган ҳокимлик матбуот хизмати ходими: “Хўш, нима қилиб беришим керак? Ўзингиз телефон қилиб, гаплашиб олаверинг (ўша муаммо мавжуд муассаса билан демоқчи)”, деди ижирғангансимон оҳангда матбуот хизматининг ходими овозидан эшак ҳам чўчийдиган қилиб.

Албатта, бу ягона шундай ҳолат эмас. Айни оҳангдаги жавоб “Фидокорлар” партия матбуот хизмати вакилига мурожаат вақтида ҳам учради.

Сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш қўмитаси раисаси Инера Сафаргалиеванинг фикрича, юқорида тилга олинган каби муомала матбуот хизматларининг нуфузини тушуриб юборади. Аслида мазкур хизматлар вакиллари мурожаат қилувчига нисбатан хушмуомала ва оғир-босиқ муносабатда бўлиши лозим. Қолаверса, матбуот хизматлари маълумотларни журналистга, кенг жамоатчиликка етказиш учун ташкил этилганини унинг ходимлари эсдан чиқармаслиги керак.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев И.Сафаргалиеванинг фикрини қўллади. Унинг айтишича, матбуот хизматида ишлайдиган шахс қандайдир амалдор эмас, балки мурожаат этган кишига керакли маълумотни етказиб берувчи воситачи эканини ёдда тутиши керак.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг сўзларига қараганда, қилинган мурожаатларни эътиборсиз қолдириш ёки унга жавоб бермаслик матбуот хизмати ўз вазифасини тўлиқ адо этмаётгани белгисидир. Албатта, матбуот хизмати ходими ваколатидан ташқари бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

Хўш, Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизматининг қўпол ҳодими ҳам юқорида бундай хизматлар зиммасидаги вазифалар тўғрисида тушунчага эгамикан?

Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Хуршид Муҳаммедовнинг таъкидлашича, ҳокимлик матбуот хизмати пойтахт ҳаётига боғлиқ воқеалар, тадбирлар ҳақида, жумладан, хорижий журналистларга ҳам маълумотлар етказиб беради.

Х.Муҳаммедов ҳокимлик матбуот хизматида қўпол муомала қилишга ўрганган ходим борлигини тан олди.
XS
SM
MD
LG