Линклар

“Каллакесар” ёшуллиларга ёқмади


Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятидаги “Хоразм тадбиркори” газетаси тўрт ойдирки, чоп этилмаётир. Яқинда газета ходимлари таҳририят жойлашган хонани муҳрлашга келган муассисларни қайтариб юборган.

Иқтисодий йўналишдаги “Хоразм тадбиркори” газетаси 1995 йилнинг 5 январидан вилоят тадбиркорлар палатаси муассислигида нашр қилина бошлаганди. Кейинчалик муассислар сони учтага етди. Вилоят давлат мулки бошқармаси ва кўчмас мулк биржаси нашр муассислари сафига қўшилди.

Газета мухбири Қозоқ Қаландаровнинг билдиришича, яқинда муассисларнинг вакиллари келиб, таҳририят жойлашган хонани муҳрламоқчи бўлган. Бироқ журналистларнинг қаршилигига учраб, мақсадига ета олмай қайтиб кетган.

Гап шундаки, газета тўрт ойдан буён чоп этилмаётир. “Хоразм тадбиркори” муҳаррири Муяссар Мадраҳимованинг сўзларига қараганда, бунга газетанинг жорий йилдаги 5-сонида эълон қилинган “Каллакесар” ҳикояси (ҳикоя қаҳрамони Фарҳод шаҳвоний фильм таъсирида синглисини зўрлаб, кейин ўлдиради) вилоят ёшуллиларига ёқмагани сабаб бўлган. Аслида гап фақат ҳикояда эмас, балки газетада эълон қилинаётган танқидий мақолаларда. Чунки бирорта танқидий мақола босилса, таҳририятга, албатта, тазйиқлар бўлган.

“Июнь ойида газетада “Қайси ёшуллининг бозори?” сарлавҳали танқидий мақола босилди. Шундан сўнг вилоят давлат мулки бошқармаси бошлиғи Ойбек Каримов танқидий мақолаларни ўзи билан маслаҳатлашмасдан босмаслигимиз кераклигини айтди. Газетанинг кейинги сони чиқмади. Чунки босмахона муассислар рухсатисиз газетани чоп этишни рад қилди”, деди муҳаррир.

Маълум бўлишича, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси “Каллакесар” ҳикоясида ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар пардалик қилиб берилмагани сабабли “Хоразм тадбиркори” газетаси фаолиятини тўхтатиш ёки муҳаррирни ишдан бўшатиш тўғрисида муассисларга тақдимнома киритган. Шундан сўнг газетанинг нашр қилиниши тўхтатилган.

М.Мадраҳимованинг таъкидлашича, у муассислик шартномасини бекор қилиш ниятида муассислар билан учрашган. Лекин улар нима сабабдандир бу ишни чўзмоқда. Аслида “Хоразм тадбиркори” муассиси сифатида эълон қилинаётган икки ташкилот билан газета таҳририяти ўртасида шартнома йўқ. Газета фақат вилоят давлат мулки бошқармаси билан 2003 йил 28 июлда имзоланган шартномага эга. Лекин бу муассис ҳам газетага шартномага белгиланганидек ёрдам кўрсатган эмас. Вилоят тадбиркорлар палатаси ва кўчмас мулк биржаси номлари муассислар сифатида кўрсатиб келингани эса уларнинг обуна вақтида ва газетанинг бошқа фаолиятида фойдаси бўлиши мумкин, деган мақсадда қилинган.

“Хоразм тадбиркори” газетаси ўз фаолиятини давом эттириши ёки тугатиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG