Линклар

logo-print

Қурултой тасдиқлаган номзодни партия раҳбарияти рад этди

  • Садриддин Ашур

Бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд бешта расмий партия парламент депутатлигига кўрсатилган номзодларини рўйхатдан ўтказмоқда. Баъзи манбаларнинг билдиришича, бу жараёнда баъзи ғирромликларга йўл қўйилмоқда.

Маълум бўлишича, “Миллий тикланиш” партиясининг Навоий вилояти кенгашидан депутатликка номзоди кўрсатилган Холмурод Исановнинг номи партия қурултойида тасдиқланган. Лекин куни-кеча партия раҳбарияти бу номзодни маъқулламаган.

“Миллий тикланиш” партияси Навоий вилояти кенгаши масъул котибиЎрол Санақуловнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, партиянинг вилоят кенгаши, “Маҳалла” жамғармасининг Навоий шаҳри бўлими, шаҳар оқсоқоллар кенгаши 34-сайлов округидан ҳуқуқшунос Х.Исановнинг номзодини депутатликка тавсия этган. Гарчи унинг номзоди партиянинг 31 октябрь куни бўлиб ўтган қурултойида тасдиқланган бўлса-да, “Миллий тикланиш” марказий кенгаши Х.Исановнинг номзодини рад этган.

Ў.Санақулов бу борада марказий кенгаш раиси Хуршид Дўстмуҳаммедовдан изоҳ ола олмаганини билдирди.

Унинг айтишича, бу ўринга марказий кенгашга маъқул бўлган бир шахснинг номзоди қўйилиши мўлжалланган. Лекин бу шахснинг кимлиги ҳозирча партиянинг вилоят кенгашига номаълум.

“Озодлик” мухбири номзоди рад этилган Х.Исанов билан ҳам гаплашишга муваффақ бўлди.

“Яқинда Х.Дўстмуҳаммедов билан телефонда суҳбатлашдим. У 34-сайлов округидан Ашурали Жўраевнинг номзоди кўрсатилишига қарор қилинганини айтди. Қурултой қарорини эслатсам, гапни бошқа ёққа бурди. Нега бундай бўлганини сўрасам, сабабини айта олмаслигини билдирди”, деди Х.Исанов.

Х.Исанов ўзининг номзоди рад этилганига асосий сабаб А.Жўраев Х.Дўстмуҳаммедовнинг ҳамкасби ва яқин таниши эканини таъкидлади.

“Миллий тикланиш”нинг Навоий вилояти кенгаши масъул котиби Ў.Санақулов Х.Исановдек тажрибали ҳуқуқшуноснинг номзоди партия раҳбарияти томонидан рад этилган экан, бу партия сафида қола олмаслигини маълум қилди.

“Агар партия шунақа қўғирчоқ бўладиган бўлса, шу бугундан эътиборан партия билан хайрлашаман. Ўн йил давомида Навоий вилоятида шу партия манфаатларини ҳимоя қилиб аҳмоқ эканман. Менга бундай сиёсат керак эмас. Мен ўзимни ва халқимизни алдаб нима қиламан”, деди Ў.Санақулов.

“Миллий тикланиш” партияси марказий кенгаши раиси Хуршид Дўстмуҳаммедов бўлиб ўтган воқеага муносабат билдириб, бу каби ўзгаришлар партиянинг ички иши эканини таъкидлади.

Раиснинг сўзларига қараганда, у тасдиқланган номзодлар рўйхатида ўзгаришлар бўлиши ҳақида қурултойдаёқ эълон қилган. Шу боис, якуний рўйхатда қурултойда ўқиб эшиттирилган рўйхатга нисбатан ўзгаришлар бор. Жумладан, якуний рўйхатда Х.Исановнинг номи йўқ. Бу партиянинг ички иши бўлиб, ундан фожеа ясаш керак эмас. Бу ўзгариш ўрин талашиш эмас, балки номзодларни саралаш натижасидир.
XS
SM
MD
LG