Линклар

logo-print

Комиссарлик вакиллари дастурларга ўзгартириш киритмоқчи


Шайбон 11 ноябрь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги миссияси амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Миссияга ташкилотнинг ишлатилмаган имкониятлар ва жойлардаги фаолиятни шакллантириш бўлими Европа, Шимолий Америка ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Андерс Педерсон раҳбарлик қилмоқда.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Саша Цеплаковнинг сўзларига қараганда, комиссарлик Ўзбекистонда амалга оширилаётган дастурлари, жумладан, “Инсон ҳуқуқлари борасидаги таълим” дастурини қайта кўриб чиқишни режалаштирган. Миссия ташрифи ҳам шунга қаратилган. Тилга олинган дастур анча аввал ишлаб чиқилган. Ўтган давр давомида Ўзбекистонда юз берган ўзгаришларни ҳисобга олиб дастурни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи туғилган. Миссия аъзолари мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига оид вазият билан танишади ва шундан келиб чиқиб дастурларнинг айнан қайси жиҳатларига эътибор бериш ҳақида йўриқнома тайёрлайди. Шунингдек, расмий идоралар вакиллари ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашувлар режалаштирилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот маркази раҳбари Илҳом Зокиров эса БМТ Олий комиссарлиги миссияси Ташқи ва Ички ишлар, Адлия вазирликларида музокаралар олиб бориши мўлжалланганини таъкидлади.

Норасмий манбалар эса миссия аъзолари Бош прокуратура, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман Сайёра Рашидова билан ҳам учрашишини маълум қилмоқда.

Мамлакатдаги аксарият инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари БМТнинг мазкур миссияси ташрифидан ва кимлар билан мулоқот ўтказишидан бехабар эканини билдирди. Шунга қарамай, улар ўзлари билан учрашув ташкил этилишига умид билдирди. Зеро, ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, муҳокамага арзирли анча-мунча муаммолар йиғилиб қолган.
XS
SM
MD
LG