Линклар

Аҳоли партиялар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас


Шайбон Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилишига 1,5 ойча вақт қолди. Расмий партиялар ўз нашрлари орқали дастурлари, сайловолди платформаларини кенг тарғиб қилишга интилмоқда.

Ўзбекистон халқ демократик партияси нашри бўлмиш “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари ўтаётган ҳафтада партиянинг сайловолди платформаси ва янги таҳрирдаги устави ҳақида маълумотлар берди. Уларда ёзилишича, партиянинг асосий мақсади мамлакатда ижтимоий адолатнинг қарор топиши учун кураш олиб боришдан иборат. Бу жараёнда ўқитувчи-педагогларнинг, тиббиёт ходимларининг ойлик маошларини кескин оширишга, ногиронлар ва жамиятнинг энг қийналган қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилади.

“Адолат” социал демократик партияси нашрида ҳам партия дастури ва сайловолди платформаси ҳақида маълумотлар берилди. Партия Интернетда ўз платформасининг асосий мезони, яъни ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда милиция ҳақидаги қонуннинг чиқарилишига эришишини эълон қилди.

“Фидокорлар” партияси ўзининг асосий мақсади сифатида бор кучини, ғайрат-шижоатини мамлакат ва халқ равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини тезлаштириш, мустақилликни мустаҳкамлашга қаратишини билдирди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал демократик партияси нашри бўлмиш “21-аср” газетасида, асосан, партиянинг устивор мақсади, яъни тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, улар учун фаолият эркинлигини яратишга жиддий эътибор қаратилиши маълум қилинади. Айтиш жоизки, мазкур партиянинг аҳоли орасидаги шуҳратини оширишга ҳаракатлари сайловолди кампаниясидан анча аввалроқ бошланганди. Телевидение орқали мунтазам равишда рекламалар бериб борилганди.

“Миллий тикланиш” партияси борасида аниқ бир гап айтиш анча қийин. Чунки партиянинг шундай ҳам тиражи кам газетасини топиш анча мушкул. “Озодлик” мухбирининг “Миллий тикланиш” устави ва сайловолди платформаси ҳақида маълумот олиш мақсадида партия раҳбарияти ва матбуот хизмати билан боғланишга уриниши самара бермади.

Хўш, оддий фуқаролар партиялар нашрлари орқали уларнинг платформалари ва уставлари хусусида тўлиқ маълумотга эга бўляптими?

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган фуқароларнинг кўпчилиги нафақат партияларнинг платформа ва устави, балки маълум газета маълум партиянинг нашри эканини ҳам билмаслигини, вилоятларда эса кишилар Президент сайлови бўладими ёки Президент сайловими, фарқига бормаётганини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, газеталар ўз муассиси бўлмиш партиялар ҳақида маълумот беришда жуда кечиккан. Ўтган йиллар давомида халқ партиялар ҳақида ҳеч қандай маълумотга олмаган, уларнинг фаолиятидан бехабар бўлган. Шунинг учун фуқаролар уларнинг дастурига, платформасига ишонмайди.

Сайловчилар партиялар ҳақидаги маълумотларга эга эмаслиги бундан икки ой муқаддам расман айтилган эди. Ўшанда баъзи партиялар вакиллари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу бўшлиқни тўлдира олишларини таъкидлаганди.

Аммо мавжуд ҳолат, А.Аннаевнинг сўзларига қараганда, бу гаплар қуруқ сафсата эканидан далолат беради. Улар қисқа вақт мобайнида сайловчиларни партияларининг устави ва платформаси билан тўлиқ таништира олмайди. Ҳозир фақат Халқ демократик партиясигина ўзини танитиш учун яхшироқ имкониятга эга. Чунки унинг аъзолари сони кўп.
XS
SM
MD
LG