Линклар

Фаластин расмийлари Арафатни Рамаллаҳда дафн этишга тайёргарлик кўрмоқда.

  • Фаррух Юсуфий

Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафат аҳволи оғирлашар экан, мухторият расмийлари дафн этиш маросими билан боғлиқ масалаларни муҳокама эта бошладилар. Фаластинлик шайх Тайсир Дают Тамимий чоршанба куни Арафат ҳолидан хабар олгани борди. Шайхнинг атишига кўра, Арафатнинг аҳволи жуда оғир, лекин у ҳали ҳаёт. Арафатнинг аҳволи оғирлашган сари, унинг вафотидан сўнг Фаластинни нима кутяпти саволи кўплар диққатини тортмоқда. Мавзуни ҳамкасбим Фаррух Юсуфий давом эттиради.

Арафат ҳали вафот этгани йўқ, лекин уни дафн этиш маросимига тайёргарлик кўриш бошланган.

Арафатга яқин расмийлардан бири, Сойиб Эрекат чоршанба куни қилган баёнотида бу хусусда бундай деди:

“Президент вафот этадиган тақдирда, Рамаллоҳдаги Муқата қароргоҳида дафн этилади. Мисрлик биродарларимиз Арафатнинг жанозасини Қоҳирада ўтказишни таклиф қилдилар. Биз бу таклифни кўриб чиқамиз.”

Лекин Арафатни қаерга қўйиш масаласидан кўра, унинг ўлимидан сўнг Фаластинни ким бошқаради, деган масала долзарброқ бўлиб турибди.

Ҳокимият қисман бош вазир Ахмад Қурай ва собиқ бош вазир Махмуд Аббосга топширилган. Шунингдек, чоршанба куни Фаластин расмийлари Арафатнинг вафотдан сўнг 60 кун ичида ўтказилиши керак бўлган президентлик сайловларигача парламент раиси Равҳи Фаттуҳ Фаластин раҳбари вазифасини вақтинчалик бажариб туришига розилик берди.

Бироқ таҳлилчиларнинг фикрига кўра, президентлик сайловларини бундай қисқа муддат ичида ўтказиш мушкул бўлади.

Лондонлик таҳлилчи Йосси Меклбернинг Озодлик радиосига айтишича, мавжуд вазиятда президентлик сайловларини 60 кун ичида ўтказишнинг иложи йўқ.

“Бу ҳақда шубҳаларим бор. Ўлашимча, мавжуд вазиятда сайловни олтмиш кун ичида ўтказишнинг иложи йўқ. Менимча, муваққат ҳукуматни ташкил қилиб, олти – саккиз ой ичида АҚШ, БМТ ва Европа иттифоқининг назоратида сайлов ўтказиш тўғри бўлар эди. Ғарбий Соҳилда олти юздан ошиқ текширув пунктлари бўлиб турганда, қандай қилиб сайлов олди кампаниясини ўтказиш мумкин”, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Арафат ҳеч қачон сиёсий меросхўр ҳақида ўйламаган ва танламаган ҳам.

Лекин энди унинг ўрнини эгаллашга даъвогарларлик қилаётган одамлар саҳнага чиқяпти. Уларнинг орасида мавқега эга бўлганлари Махмуд Аббос ва Ахмад Қурайлардир.

Исроилдаги Ҳайфа университетида сиёсат бўйича дарс берадиган Иян Папейнинг фикрига кўра, Абу Мазен ва Абу Ала Арафатдан кейин ҳам ўз мавқеларини сақлаьб қолади.

“Абу Мазен ва Абу Ала сайловлардан кейин ҳам ўз мавқеларини сақлаб қоладиган кўринади. Ауб Мазен Арафатнинг сиёсий вориси сифатида унинг вазифасини бажаради, Абу Ала эса бош вазир бўлиб қолади, лекин Арафат давридагидан кўра, ваколати кўпроқ бўлади. Умуман олганда, иккаласи ҳам сайловлардан кейин ҳокимият марказида бўлиб қолади, деб ўйлайман. Ҳар иккиси мўътадил сиёсатчи сифатида кўрилади”, - дейди сиёсатшунос.

Лекин Яқин Шарқ бўйича мутахассис Герд Ноннеман Абу Мазен ва Абу Аланинг Исроилга маъқул кўриниши фаластинликлар томонидан салбий қабул қилинишини айтади.

“Албатта, Абу Ала ва Абу Мазен исроилликлар ва америкаликлар учун маъқул келади ва Фаластин аҳолиси ҳам уларнинг ҳокимиятда бўлишига кўнар. Лекин оддий фаластинликлар уларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди. Бу эса, уларнинг Исроилга ён беришини қийнлаштиради. Чунки уларни осонгина сотқинга чиқариб қўйишлари мумкин”, - дейди Герд Ноннеман.

Унинг фикрига кўра, Фаластинга раҳбарлик қилишга даъвогар яна бир шахс бу Марван Барғутий. Бу одам Арафат асос солган Фатаҳ партиясининг собиқ раиси. Фаластинликлар орасида жуда катта обрўга эга. Лекин у Арафатнинг сиёсий ворислари рўйхатидан жой олиши амри махол, чунки у Исроил турмаларидан бирида бешта умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

Айни пайтда, Арфатдан кейин Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёни қандай кечади, деган масала ҳам кўтарилмоқда. Охирги йилларда Исроил Арафат билан музокаралар ўтказишни рад этиб келган эди.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Арафатнинг ўрнига мўътадил қарашлардаги сиёсатчининг келиши тинчлик ўрнатиш жараёнига ҳисса қўшиши мумкин.

Бошқалар эса, Арафатнинг ўрнига ким келса ҳам бу жараёнда катта ўзгаришлар бўлмайди, деб ҳисобламоқда.

Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Герд Номаннинг таъкидлашича, тинчлик ўрнатиш жараёнида Исроил ҳаракатлари, жумладан, бош вазир Ариел Шаронниниг яхудийларни Ғазо минтақасидан олиб чиқиш режаси муҳимроқ рол ўйнаши мумкин.
XS
SM
MD
LG