Линклар

logo-print

Арафот учун Ўзбекистонда ҳам мотам тутилади


Фаластин миллий мухторияти раҳбари Ёсир Арафотнинг вафоти муносабати билан Фаластиннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ҳам уч кунлик мотам эълон қилинди.

Фаластиннинг Ўрта Осиё давлатлари ва Озарбойжондаги элчиси Набил Аллаҳамнинг сўзларига қараганда, Арафотнинг ўлими нафақат Фаластин ва Фаластин халқи, балки бутун араб дунёси учун улкан мусибатдир. Зеро, у араб мусулмон давлатларининг йўлбошчиларидан эди. Фаластин озодлик ҳаракати раҳбарининг вафоти муносабати билан мухториятда 40 кунлик мотам эълон қилинган. Мухториятнинг Ўзбекистондаги элчихонасида эса уч кун давомида мотам маросими ўтказилади.

Хўш, Арафотнинг араб ва мусулмон давлатларидаги ўрни қандай эди, унинг вафотидан сўнг Араб-Исроил можароси қандай тус олади?

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессори Гога Ҳидоятовнинг фикрича, Арафот жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири эди. Унинг ўлимидан сўнг Араб-Исроил можароси яна бир-икки йил давомида авж олади. Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириб туриш учун Ёсир Арафот сингари қудратли ва ўқимишли раҳнамо зарур. Лекин Фаластинда Арафотнинг ўрнини босадиган шахс кўринмаётир. Унинг ўрнини эгаллаши кутилаётган Аҳмад Қурей ва Маҳмуд Аббос Ёсир Арафотга қараганда анча заиф.

Фаластин муаммолари бўйича номзодлик ишини ёзаётган ёш тадқиқотчи Комрон Шониёзовнинг таъкидлашича, Арафотнинг вафоти Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёни учун катта йўқотишдир. Унинг ўрнига янги етакчилар келгани билан Фаластиннинг сиёсати ўзгармайди. Чунки Фаластин халқи озодликка эришиш учун охиригача курашади.

Шарқшунос олим Комил Азимов минтақадаги фундаментал ва радикал гуруҳлар айни пайтда ҳукм сураётган тинчлик жараёнини бошқа йўналишга буриб юбориши мумкинлигини тахмин қилди.

“Хамас”, “Исломий жиҳод” ва ФАТҲ каби гуруҳлар Ёсир Арафотнинг ўлимидан фойдаланиб, тинчлик жараёнини ўзлари хоҳлаган йўналишга буриб юбориши мумкин. Негаки, Арафот Фаластиндаги барча ташкилотлар ўртасида катта нуфузга эга эди. У мухториятнинг молиявий тизимини, ҳарбий кучлари ва махсус хизматлари назорат қилар ҳамда юқорида номи зикр этилган гуруҳларни ўз измида ушлаб турарди”, - деди К.Азимов.
XS
SM
MD
LG