Линклар

logo-print

Покистондан экстрадиция қилинган шахс устидан суд бошланди

  • Садриддин Ашур

10 ноябрь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида Покистонда қўлга олиниб, сўнг Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Қобилжон Масирохунов устидан суд жараёни бошланди.

Қ.Масирохунов Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм, ёлланиш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш, қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш каби ўнга яқин моддаси бўйича айланмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, 1973 йилда туғилган Қ.Масирохунов Андижон шаҳрида яшаган. Унинг акаси Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида бўлган. Қобилжон акасининг Чеченистонда эканини эшитиб, уни уйга қайтариш мақсадида 1998 йилда ўша ёққа борган. Бу ерда паспортини йўқотган ва бошқа паспорт сотиб олган. Чеченистондан эса Афғонистонга борган.

С.Икромовнинг сўзларига қараганда, айблов хулосасига кўра, Қ.Масирохунов Афғонистондалигида Тоҳир Йўлдошев, Жума Намангоний, Обид қори ва Руҳиддин Фахриддинов ташкил этган қуролли гуруҳга аъзо бўлиб кирган. АҚШ Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан сўнг Покистонга қочиб ўтган. Бу ердан Эронга ўтиб, кейин яна Покистонга қайтган. 2004 йил январда Покистонда полиция томонидан ушланган. 1 июнда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ва шу пайтгача Миллий хавфсизлик хизмати тергов ҳибсхонасида сақланган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, Қ.Масирохунов ўзига қўйилган айбларнинг асосий қисмини тан олмаётир. У фақат Россия ва Қирғизистон паспортларини ноқонуний равишда қўлга киритганини бўйнига оляпти, холос.

Маълум бўлишича, Қ.Масирохунов Покистонда Ўзбекистонга экстрадиция қилиниб, судга тортилган иккинчи фуқародир.

С.Икромовнинг фикрича, Ўзбекистон МХХнинг юқори мартабали офицери Покистонга элчи вазифасига жўнатилгач, бу мамлакатдан экстрадиция қилиш кўпаймоқда. Бу ҳолат МХХ Покистонда катта ишларни амалга ошираётганидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG