Линклар

Парламент сайлови ва ёшлар


Озодбек “Озодлик” мухбири Ўзбекистонда парламент сайлови муносабати билан ўтказилаётган сайловолди кампанияси, бўлажак сайловдан кутилаётган натижалар хусусида ёшларнинг қарашларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Суҳбатлар чоғида сайлов тўғрисида ижобий фикр-мулоҳазалар, турли-туман танқидий ёндашувлар учради. Мулоқотлардан аксарият ёшлар сайловга катта қизиқиш билан қарамаётгани, совуққон муносабатда экани маълум бўлди.

Авазбек исмли йигитнинг сўзларига қараганда, бўлажак икки палатали парламент тизими назарий ва ҳуқуқий жиҳатдан жуда яхши ишлаб чиқилган. Аввалги бир палатали парламент фаолияти янги тизим анча-мунча афзалликларга эга эканини янада яққолроқ кўрсатади. Бир палатали парламент депутатлари йилда бор-йўғи бир неча марта йиғиларди. Улар парламентда доимий фаолият кўрсатиб, қонунлар яратишдан йироқ эди.

Ўзини Баҳодир деб таништирган талабанинг айтишича, сайловолди кампанияси баҳоли қудрат олиб бориляпти. Лекин бу яхши натижа дегани эмас. Зеро, сайловчилар билан номзодлар ўртасидаги қандайдир кўринмас тўсиқлар йўқолмаяпти. Кишилар номзодларга етарлича ишонч билан қарамаяпти.

Хайруллонинг фикрича, шўролар даврида ҳам, мустақиллик замонида ҳам неча марта сайловлар ўтказилган бўлса-да, халқнинг депутатга бўлган ишончи ўзини оқламаган. Фуқароларнинг умиди ушалмаган.

Суҳбатдошлар бўлажак сайловга барибир катта умид билан қараётганини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев ёшлар сайлов тўғрисида танқидий фикрда экани сабабини уларнинг ҳаётида айтарли ижобий ўзгаришлар содир бўлмаётгани билан изоҳлади.

“Ёшлар ўз муаммолари ҳал этилаётганини сезмаётир. Уларга эртанги кунга ишончни тобора йўқотиб боряпти. Айниқса, 30 ёшгача бўлган фуқароларнинг давлат сиёсатидан кўнгли совий бошлаган. Ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам – талабалар, ёшлар, қариялар муаммосини ечишга ҳеч ким қизиқмаётгани ёшларнинг фаолиятсизлигини келтириб чиқаряпти”, - деди кузатувчи.
XS
SM
MD
LG