Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:49

Рўйхатга олинган ташаббус гуруҳлари номзодлари кимлар?


Ўзбекистон қонунчилигига кўра, депутатликка номзод кўрсатиш жараёни сайловга 45 кун қолганда тўхтатилади. 13 ноябрь мамлакатда 26 декабрда белгиланган сайловга номзод кўрсатишнинг охирги куни ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари Ойбек Соатовнинг сўзларига қараганда, шу кунгача топширилган ҳужжатлар тўрт кун давомида ўрганиб чиқилади. Шундан сўнг МСКнинг мажлисида бу ҳақда махсус қарор қабул қилинади.

О.Соатовнинг маълум қилишича, 13 ноябрга қадар 140 тага яқин ташаббус гуруҳи округ сайлов комиссияларига ҳужжат топширган. Охирги бир кун давомида бу рақам яна ортиши мумкин.

Мустақил кузатувчиларнинг эътирофича, бу ташаббус гуруҳларининг деярли барчаси ўзини ўзи бошқариш органлари, мактаблар ва бошқа давлат ташкилотлари томонидан тузилган. Шунинг учун уларни рўйхатга олишда муаммо бўлмаган. Аммо мухолифат вакиллари томонидан тузилган ташаббус гуруҳлари рўйхатга олиниш жараёнида ўтиб бўлмас тўсиқларга дуч келган.

“Эрк” демократик партияси аъзоси Ойгул Маматова партия сайловга бойкот эълон қилишидан олдин Самарқанд вилоятидаги Оқдарё сайлов округидан ўз номзодини кўрсатишга ҳаракат қилди. Бироқ, унинг айтишича, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳаракатга қаршилик кўрсатди.

“Бу ташкилотлар менинг эркчи эканимни, эркчилар эса террорчилар эканини айтиб, одамларни қўрқита бошлади. Сайловчиларим эса бола-чақалари ва ўзларининг хавфсизлигидан чўчиб, мендан узр сўради ва йиғилишда қатнаша олмаслигини айтди. Улар турли идораларга чақиртирилиб, чўчитилган. Уларга ўзи ҳам ташаббус гуруҳи йиғилишига қатнашмаслик, бошқаларни ҳам олиб бормаслик шарти қўйилган”, деди О.Маматова.

Шундай қилиб О.Маматованинг сайловга қатнашишга бўлган уриниши муваффақиятсиз якунланди.

Мухолифатдаги партиялар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини бирлаштирган “Давра кенгаши” норасмий ташкилотининг Андижон вилояти бўйича вакили Акбаржон Ориповнинг таъкидлашича, Марҳамат туманида 531 кишидан иборат ташаббус гуруҳи тузилган. Гуруҳ депутатликка Мусажон Бобожоновнинг номзодини кўрсатган. Шундан сўнг М.Бобожоновни милиция идорасига чақириш, орқасидан таъқиб қилиш ҳолатлари юз бера бошлаган.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси Андижон тумани бўлими раиси Исроил Холдоровнинг номзоди вилоят халқ депутатлари кенгашига кўрсатилган эди. Бироқ, И.Холдоровнинг айтишича, у номаълум шахслар томонидан ўз уйи олдида калтакланган.

Фарғона вилоятидаги демократик кучлар форуми раҳбари Исмоил Дадажоновнинг фикрича, ҳукумат мухолиф фикрлайдиган ташаббус гуруҳлари номзодларини рўйхатга олишни истамайди. Уларни сайловда қатнаштирмаслик учун бу ҳақда сайлов округлари раисларига кўрсатма берилган. Шунинг учун округлар сайлов комиссиялари раҳбарлари ташаббус гуруҳларини рўйхатдан ўтказмаслик учун турли баҳоналарни ўйлаб топади ёки улардан қочиб юради.

“Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари парламент сайловига бойкот эълон қилди. “Бирлик” партиясидан фақат бир номзод ташаббус гуруҳи орқали Сурхондарё вилоятида рўйхатга олингани айтилмоқда. Бироқ бу хабар тўла тасдиқлангани йўқ.
XS
SM
MD
LG