Линклар

logo-print

Ўзбекларни сотар ўзбеклар


Фирдавс Маълумотларга қараганда, тирикчилик мақсадида хорижга иш излаб кетаётган Ўзбекистон фуқароларини текин ишчи кучи сифатида сотаётганлар орасида ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади.

Бундан олти ой муқаддам Россияга иш излаб кетган бир неча сурхондарёликлар ҳам ўзбек одамфурушларининг қурбони бўлди.

Улардан бири Музаффар Аминовнинг сўзларига қараганда, ҳозир Россияда қул сифатида ишлаётган ўзбекистонликлар жуда кўп. Одамфурушлар уларнинг паспортини олиб қўяди ва мижозларга сотиб юборади. Паспорти йўқ кишилар эса қонунбузарлик ҳақида ҳеч кимга шикоят қила олмайди. У билан бирга иш излаб борган саккиз шахснинг паспортини бошқага пуллаб юборган киши ҳам ўзбек эди. Умуман, ўзбекларни сотиш билан, асосан, ўзбеклар шуғулланади.

Шерободлик Уйғун Ҳимматов бир неча ой давомида қорин тўйдириш ва паспортини қайтариб олиш учун бировнинг юмушларини бажариб юрганини таъкидлади.

“У ёқда паспорти бўлмаган киши одам эмас. Паспортни ким сотиб олган бўлса, ўша кишининг айтганини қилиш мажбурий. Янги хўжайиндан паспортни қайтариб сотиб олиш учун ойлаб ишлаб бериш керак. Беш ой давомида эртаю кеч тинимсиз ишлаганимиз ўзбек пулига ойига 20 минг сўмдан тўғри келди. Мактаб ўқувчиларини сотиш ҳолатлари ҳам учради. Қорақалпоғистонлик ёшгина қизни икки укаси билан сотиб юборишди. Уларни олиб борган киши бу гўдакларнинг икки ойлик иш ҳақини ўзига олди. Одамфуруш савдогар уларга ота-онаси бағрига эсон-омон қайтараётганига ҳам шукур қилиши лозимни айтди” , деди У.Ҳимматов.

Сурхондарёлик ўзини таништиришни истамаган яна бир суҳбатдошнинг таъкидлашича, бир неча йигит Россияга ишга олиб кетиш баҳонасида Қозоғистонга олиб келинган. Бу ерда паспортлар тортиб олиниб, йигитларни хорижликларга сотиш бошланган. У ҳам кўзи боғланиб, машинага ўтирғизилган ва чет жойга олиб борилган. Харидорлар бу ерда тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган машинада унинг соғлиғини текшириб кўрган. Икки соат давом этган текширишдан кейин мижозлар у қулликдаги меҳнатга икки йил ҳам чидолмаслигини айтиб, сотиб олиш фикридан қайтган. Қисқа вақт давомида у билганлардан қирққа яқини шу тариқа сотиб юборилган.
XS
SM
MD
LG