Линклар

Икки палатали парламентнинг афзаллиги нимада?


Феруза 26 декабрь куни Ўзбекистонда икки палатали парламентга сайлов ўтказилади. Хўш, икки палатали парламентнинг амалдаги парламентдан афзаллиги нимада?

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоевнинг сўзларига қараганда, икки палатали парламентнинг афзаллиги унинг доимий фаолият кўрсатишида. Бу ерда доимий фаолият кўрсатадиган депутатлар халқ идорасини ўзида ифода этадиган қонунлар яратиш устида ишлайди.

Сиёсатшунос Сарвар Шоназаровнинг таъкидлашича, икки палатали парламентнинг Сенати Қонунчилик палатасида тайёрланган қонунни тасдиқлайди. Шундан сўнг бу қонун Олий Мажлисда қабул қилинади. Ҳозир эса қўмиталар томонидан ишлаб чиқилган қонунларни депутатлар сессияда тўпланиб, тасдиқлаб кетади. Депутатларнинг ярмини ҳокимлар ташкил этади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистонда ўтказиладиган сайлов натижасида бошқарув тизимининг моҳияти эмас, шаклигина ўзгаришини таъкидлади.

“Икки палатали парламентга ўтиш сиёсатдаги мода, яъни жамиятга демократикроқ манзара беришга ўхшайди. Аслида сайловдан кейин ҳам айтарли ҳеч нима ўзгармайди, фақат парламентнинг таркибий қисмлари ўзгаради. Қуйи палатага депутатларни халқ сайлайди, бироқ унинг ваколатлари чекланган. Бу палатани Сенат назорат қилади. Аммо биздаги сайловларда шундай механизм йўлга қўйилганки, парламент яна фақат ҳукумат манфаатларинигина ҳимоя қилади. Чунки ҳар икки палатага ҳам ҳукуматга ёқадиган шахсларгина сайлана олади” , деди Т.Йўлдошев.

МСК котибияти раҳбари Ойбек Соатовнинг билдиришича, икки палатали парламентнинг асосий афзаллиги бу ерда қабул қилинадиган қонунларнинг пухта, сифатли ва халқчил бўлишидир. Қуйи палата аъзолари раҳбар бўлгани ҳолда депутатлик ҳам қила олмайди. Улар ё депутатликни ёки раҳбарликни танлаши керак. Қонунчилик палатасида тайёрланган қонун аввал Сенатга, бу ерда маъқулланса, кейин Президентга юборилади. Агар давлат раҳбари ёки Сенат қонунни қайтарса, у яна Қонунчилик палатасида қайта ишлашга жўнатилади. Мабодо қонун қуйи палата депутатларининг учдан икки қисми томонидан тасдиқланган бўлса, у ҳолда қонун Сенатни четлаб ўтиб, тўғридан тўғри Президентнинг имзоси учун юборилади.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг фикрича, сенаторлар вилоят, шаҳар, туман кенгашлари депутатларининг қўшма мажлисида сайланади. Сенаторларни сайлашда ҳокимларнинг таъсири жуда ошиб кетган. Зеро, сенатор сайловини ҳокимлар бошқаради. Сенатнинг салоҳияти қуйи палатаникидан баланд. У Қонунчилик палатасида тайёрланган қонунни бекор қила олади. Аслида икки палатали парламентга ўтишдан мақсад Президент ҳокимиятини янада кучайтиришдир. Янги парламент тизимига ўтилгандан кейин ҳокимият ваколатларини бир марказга тўплаш имконияти янада кенгаяди.
XS
SM
MD
LG