Линклар

Муқобил фикрга эга номзодлар сайловга қўйилмайди


Фирдавс Маълумотларга кўра, Қашқадарёда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 10 та, вилоят халқ депутатлари кенгашига сайлов ўтказувчи 59 та сайлов округи ва 740 та сайлов участкаси тузилган.

Вилоят сайлов комиссияси раиси Мирзо Турсуновнинг сўзларига қараганда,
вилоят кенгашига сайловда қатнашиш истагини билдирган 10 га яқин ташаббус гуруҳи рўйхатга олинган. Ташаббус гуруҳлари ҳужжатларини рад қилиш ҳолатлари бўлмаган.

Маълум бўлишича, вилоятда депутатликка ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлган баъзи кишилар бу йўлда бир қанча тўсиқларга учраган. Шундайлардан бири Нодир Аҳадовдир.

“Фикрлари ҳукуматга ёқмайдиган ҳар бир киши, у хоҳ расмий, хоҳ мухолифат партиядан номзоди кўрсатилсин, сайловга қўйилмайди. Мен шунга амин бўлдим. Мен “Фидокорлар” партиясидан номзодимни кўрсатиш учун ҳужжат топширгандим. Энди ҳужжатларни қайтариб олмоқчиман” , деди Н.Аҳадов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Саидмурод Қўчқоров эса ҳақиқатгўй бўлганини учунгина ўз номзодини депутатликка қўя олмаганини таъкидлади. С.Қўчқоровнинг билдиришича, унинг вилоят кенгаши аъзолигига ўз номзодини қўйишига имкон берилмаган.

“Депутатликка номзоди кўрсатилганлар аввалдан танланган кишилардир. Улар орасига муқобил фикрлайдиган одам кириб қолиши жуда мушкул” , деди С.Қўчқоров.

Вилоят сайлов комиссияси раиси М.Турсунов юқорида келтирилган фикрларни рад этди. Унинг айтишича, ҳокимликлар ҳам, бошқа давлат органлари ҳам комиссия ишига аралашишга ҳақли эмас.
XS
SM
MD
LG