Линклар

Ясир Арафат жасади Рамаллоҳда дафн этилди


Арол 11 ноябр куни эрта тонгда Франциядаги ҳарбий госпиталда вафот этган Фаластин раҳбари Ясир Арафат жасади шу куни кечга яқин Миср пойтахти Қоҳирага олиб борилди. Жума куни Қоҳирада 50дан ортиқ давлат намоëндалари иштирокида жаноза маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг марҳум жасади Фаластин мухторияти ҳудудига олиб келинди ва Рамаллоҳдаги Муқата қароргоҳига дафн этилди. Азизулло ака мана шу воқеани оммавий ахборор воситлари орқали кузатиб бордингиз. Авваламбор эшитган қулоққа ғалати туюлади. Ясир Арафотнинг жаноза маросими нега Фаластинда эмас¸ Мисрда ўтказилди ўзи?

Кузатувчиларга кўра¸ бунга хавфсизлик масаласи сабаб. Яъни Фаластин мухторияти ҳудудида жаноза маросимида қатнашадиган дунë давлатлари раҳбарлари ва юқори мартабали расмийларининг хавфсизлигини кафолатлаш муаммолиги сабаб бўлган. Айни пайтда¸ Исроил билан муносабати ëмон айрим араб давлатлари раҳбарларининг Исроил қамалида бўлган Фаластин ҳудудига киришларига Исроил ҳукумати розилик бермаган.
Хавфсизлик масаласи боис¸ Қоҳирада ҳам жаноза маросими жамоатчилик назаридан узоқда¸ ҳарбий қароргоҳ ичкарисида ўтказилди. Оддий мисрликлар Арафатнинг жаноза маросимида қатнаша олмади.

Маълумки¸ Арафат зиддиятли шахс. Арафат жанозасига келишни қайсидир маънода у курашган ғояларга ҳурмат деб қабул қилиш мумкин. Хўш¸ Арафатнинг жаноза маросимида кимлар қатнашди?

Арафат бир қатор араб давлатлари учун бош оғриқ бўлиб келганига қарамай¸ унинг жанозасига давлат миқëсидаги амалдорлар¸ президентлар келишди. Ҳаттоки ўз вақтида Арафатнинг душманига айланган Сурия собиқ президенти Ҳафиз ал-Асад ўғли президент Башар ал-Асад ҳам жаноза маросимида иштирок этди. Аммо¸ АҚШ Давлат котиби ëрдамчисини юборди. Кузатувчиларга кўра¸ бу Вашингтоннинг Арафатга нисбатан салбий муносабатидан далолатдир. Британия¸ Франция ва Германиядан ташқи ишлар вазирлари боришди. Марказий Осиë республикалари вакиллари эса маросимда кўринмади.

Бугун кун бўйи дунëнинг бир неча етакчи телеканаллари Арафатнинг дафн маросимини узлуксиз кўрсатиб борди. Унинг тобути юкланган вертолëт Рамаллоҳдаги Муқата қароргоҳига қўниши билан¸ ўн минглаб фаластинликлар томонидан ўраб олинди. Ниҳоятда эътиросли ҳолат кузатилди.

Дарвоқе¸ Ясир Арафат жанозаси Қоҳирада ўқилганидан кейин унинг тобути самолëтда Фаластин мухторияти ҳудудига олиб келинди. У ердан тобут юкланган вертолëт Арафат жасади кўмиладиган Муқата қароргоҳига келиб қўнди. Қабрдан 100 метрларча узоқликка келиб қўнган вертолëтни эрталабдан тўпланиб турган 10 минглаб фаластинликлар ўраб олди.
Кўринишидан уларнинг ҳаммаси Арафат билан видолашмоқчи. Ниҳоят тобут вертолëтдан олиб чиқилди. Фаласти хавфсизлик кучлари оламонни тинчлантириш мақсадида ўзлуксиз ҳавога ўқ узар ва тобутни эса ҳамма зиëрат қилишни истар эди.
Вертолëт билан қабр оралиғидаги чамаси 100 метрлик масофани босиб ўтиш тахминан бир соатча вақт олди. Ниҳоят марҳумнинг жасади Муқатадаги оромгоҳга дафн этилди.
Демак¸ ҳақиқий маросим Қоҳирада эмас¸ балки¸ Рамаллоҳда ўтказилди. Жуда катта эҳтиросга берилиб кетган фаластинликлар Арафат Рамаллоҳда эмас¸ Қуддусда дафн этилишга лойиқ шахс¸ деган даъво билан чиқишди.

Арафат тўпроққа қўйилди¸ сиз тасвирлаган Муқата қароргоҳи мустақил Фаластин давлати меъмори учун сўнгги оромгоҳ бўлармикан?

Бу масала ҳозирча очиқлигича қолади. Чукин бир кун келиб Мустақил Фаластин давлати ташкил этилса ва унинг пойтахти Қуддус бўладиган бўлса¸ Ясир Арафат хоки Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига кўчирилиши мумкин. Арафат "оламдан ўтганимдан сўнг мени Ал-Ақсо масжидига дафн этинглар"¸ деб васият этган.
XS
SM
MD
LG