Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:05

Референдумдан кейин Беларус танқид қилинмоқда


Октябр ойида Беларус ҳукумати референдум ўтказиб, Александр Лукашенканинг учинчи муддатга Президент этиб сайланиши учун йўл очди. Ўтган ҳафталар давомида халқаро ҳамжамият ана шу соҳта референдумни кескин танқид қилиб келмоқда. Диний мавзуларни ёритувчи “Форум 18” номли ахборот агентлиги Беларусда диний озчилик фаолиятини чеклаш давом этаётганини билдирди. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ва “Халқаро матбуот институти” эса Беларусда ҳукумат назоратида бўлган матбуот янада бўғилиши мумкинлиги ҳақида ташвиш билдирди.

Марказий Сайлов комиссияси расмийлари референдум муваффақиятли ўтганини эълон қилганидан кейин халқаро ташкилотлар Президент Александр Лукашенка ва унинг ҳукуматини Беларусда фуқароларнинг диний ва сўз эркинлигини мунтазам равишда бузиб келаётганликда танқид қилмоқда.

Ана шундай танқидчилардан бири “Форум 18” ахборот агентлиги бўлиб, бу ташкилот собиқ совет республикаларидаги диний масалаларни ёритиб келади. Ташкилот вакили Гералдин Фаган Озодлик радиосига Беларусдаги диний эркинлик ҳақида бундай деди:

"Ноябр ойи ўртасида диний ташкилотларнинг мажбурий қайта рўйхатдан ўтиши учун белгиланган муддат тугайди. Бу бежиз эмас. Шу боис биз келаси икки йил давомида диний соҳада қандай воқеалар юз бериши мумкинлигини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз”.

Фаганга кўра, дастлабки тахминлар салбий. Чунки Шарқий ортодоксал насронийларидан ташқари озчиликни ташкил этган бошқа диний гуруҳларнинг ибодат қилишлари учун ўзларига бино қуришлари, сотиб олишлари ёки ижарага олишиларига имкон бермаслик учун қатор қонуний тўсиқлар қўйилгани. Беларусияликларнинг 80 фоизи эса Шарқий ортодоксал насронийлар оқимига мансуб.

Фаганга кўра, ибодат қилиш учун хонага эга бўлмаган диний озчиликлар сўнгги пайтларда ўз уйларида йиғилиш ўтказишда қийинчиликка дуч келмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари диний маросимларнинг хусусий уйларда ўтишига рухсат бермайди.

Айни пайтда, халқаро ташкилотлар Беларусда матбуот эркинлиги бўғилаётганини қораламоқда. Октябр ойида бўлиб ўтган референдумда овоз бериш учун сайлов участкасига келган Президент Александр Лукашенка журналистларга “Беларусни тинч қўядиган пайт келди” деди аччиқ-тирсиқ билан:

"Мен 10 йилдан бери ишлаётган бўлсам, 10 йилдан бери сиз хорижий журналистлар доим Беларус ҳақида нимадандир ташвишдасиз. Менимча, сиз хотиржам бўладиган вақт келди. Бизларни соҳтакорликда ёки қонунбузарликда айблашни тўхтатиш вақти келди”.

Венада жойлашган “Халқаро матбуот институти”нинг Европа бўйича таҳлилчиси Даяна Орлова Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Беларусда сўз эркинлиги ҳуқуқи бузилаётгани ҳақида шуларни айтади:


"Сўз эркинлигининг бузилиши ва журналистларга тажовуз қилиш ҳоллари жуда кўп бўлган. Мен Беларус эътибор қаратмаслик мумкин бўлган яхши давлат, дея олмайман. Чунки бунинг маълум сабаблари бор” - дейди Орлова.

Яқинда “Халқаро матбуот институти” раҳбари Жохан Фриц Беларусда юз бераётган воқеалардан ташвиш билдириб Президент Александр Лукашенкага бир нечта мактуб йўллади. Охирги мактуб бундан бир неча ҳафта олдин Минскдаги мустақил “Солидарност” газетаси журналисти Вероника Черкасованинг ўз уйида 20 марта пичоқлаб ўлдирилиши билан боғлиқ эди.

Милиция Беларусда ўлдирилган бошқа журналистлар қаторида Черкасовани ҳам ким ўлдирганини аниқлай олмади.

Фриц Черкасова сайлов ҳафтасида тажовуз қурбони бўлган бешинчи журналист эканини ўз мактубида алоҳида урғулаган. Бироқ унинг ўлими сиёсий воқеаларга алоқадор эмас, дейишмоқда. Чунки “Халқаро матбуот институти” маълумотига кўра, Вероника Черкасова ўрдирилган пайтда у Беларусдаги диний секталар ҳақида мақола ёзиш учун маълумотлар тўплаш билан шуғулланган.
XS
SM
MD
LG