Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:23

Эркин Халилов – депутатликка номзод


Хабарларга қараганда, Ўзбекистон Олий Мажлисининг амалдаги раиси Эркин Халилов парламентнинг Қонунчилик палатаси депутатлигига ташаббус гуруҳи орқали ўз номзодини қўйган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, партиялар ва ташаббус гуруҳларидан номзодлар кўрсатиш муддати 13 ноябрь куни соат 24.00 да тугайди. Шундан сўнг етти кун давомида номзодларнинг рўйхати ва унга илова қилинган ҳужжатлар ўрганиб чиқилади ҳамда қайси округдан қайси номзод кўрсатилгани матбуотда эълон қилинади.

“Озодлик” мухбири 13 ноябрь куни Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 2-Дархон сайлов округида бўлди. Сайлов округи сув қўйгандек жим-жит, округ сайлов комиссияси раиси, котиби ва навбатчидан бошқа ҳеч ким йўқ.

Округ сайлов комиссияси котиби Эркин Умарохуновнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, бу округда фақат битта ташаббус гуруҳи рўйхатга олинган. Мазкур ташаббус гуруҳи орқали номзодини кўрсатган шахс эса Олий Мажлиснинг амалдаги раиси Эркин Халиловдир. Гуруҳнинг барча ҳужжатлари расмийлаштирилиб, МСКга топширилган.

Дархон сайлов округи комиссиясининг ўз исмини ошкор қилишни истамаган аъзоларидан бири фуқаролар сайловга қизиқиш билан қарамаётгани, уларнинг фаоллиги сезилмаслигини билдирди.

Аммо комиссия котиби Э.Умархонов сайловга қизиқиш ўртача экани, шу кунларда ҳамма ҳайитга тайёргарлик кўраётгани сабабли фаоллик билинмаётганини маълум қилди.

Хўш, нега Олий Мажлис раисининг номзоди ташаббус гуруҳи орқали кўрсатилди?

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг айтишича, бундан мақсад ташаббус гуруҳлари фаол ишлаётганини реклама қилишдир.

“Ўзим ҳам Дархон сайлов округида яшайман, шу ердан сайловга қатнашаман. Лекин бирорта маҳалла мажлислари ва йиғинларида Э.Халиловнинг номзоди муҳокама қилингани ёки кўрсатилганидан бехабарман”, деди К.Алиев.

Кузатувчи Сардор Ҳакимовнинг фикрича, Олий Мажлиснинг амалдаги раиси номзоди бирорта партиядан эмас, балки ташаббус гуруҳидан кўрсатилиши ҳукуматнинг узоқни кўзловчи манфаатлари борлигидан дарак беради. Э.Халилов депутатликка сайланса (бунга шубҳа йўқ), биринчидан, партиясиз, ташаббус гуруҳи орқали номзоди кўрсатилган шахс Қонунчилик палатасига раҳбар бўлди, деган фикр пайдо қилинади. Иккинчидан, партияларнинг амбицияларини (ҳозир йўқ, бироқ келажакда пайдо бўлиши мумкин) босиб туришда палата раҳбарининг партиясизлиги қўл келади. Учинчидан, Олий Мажлиснинг раиси партияларга бетараф экани кўрсатилади.
XS
SM
MD
LG